Ҳиндистон ҳукумати талабаларга ТДМУнинг Чирчиқ филиалига ўқишга кирмасликни тавсия қилди

Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси (NMC) маҳаллий талабаларга бир қатор хорижий олий таълим муассасаларига, жумладан, Ўзбекистондаги Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиалига бакалавриат дастурларига ўқишга кирмасликни тавсия қилди, деб ёзади The Indian Express орган баёнотига таяниб.

Рўйхатга, хусусан, Белиз (Марказий Америка)даги 3 та тиббиёт олийгоҳи ва Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиали киритилган.

Огоҳлантириш Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё бўлими ушбу таълим муассасаларига нисбатан «жиддий хавотир» билдирганидан сўнг эълон қилинди, дейилади NMC баёнотида.

NMC ушбу олийгоҳлар қуйидагиларга эга эмаслигини қайд этади:

  • талаб қилинадиган Ҳиндистон тиббий таълим стандартларига мос келмаслиги;
  • ўқув кампуси ҳудудида қониқарсиз инфратузилма;
  • клиник ўқитиш шароитларининг паст сифати;
  • уларда ҳинд талабаларига нисбатан харассмент ҳолатлари кузатилмоқда;
  • ўқиш учун юқори тўлов белгилайди;
  • ўқишдан воз кечилганда маблағларни қайтаришни рад этади.

NMC тавсияларига риоя қилмаган талабаларга Ҳиндистонда тиббий рўйхатдан ўтиш рад этилиши мумкинлиги ҳақида комиссия огоҳлантирди.

2025 йил апрель ойида ҳинд талабаси Short_Math3446 ники остида Reddit’да Тошкент давлат тиббиёт университетини танқид қилувчи пост эълон қилган эди. У ўқитиш сифатининг пастлиги ва ўқитувчиларнинг инглиз тилини билмаслигидан шикоят қилган.

«Ўқитиш шунчалик даҳшатлики, ҳатто қаердан бошлашни ҳам билмайман. Профессорлар келганида, улар шунчаки слайдлардан ўқиб беришади ёки мавзуни мустақил ўрганишни айтишади. Агар улар бизга ҳеч нарсани ўргатмаса, қандай қилиб яхши шифокор бўлишимиз мумкин? Имтиҳонлар эса бутунлай бошқа цирк. Сизга 50 та саволдан иборат PDF-файл беришади, ёдлаб олишни айтишади, кейин эса — бум! — компьютер тести. Деярли ҳар бир савол тўғридан-тўғри PDF-файлдан. Шунчаки ёдлаб оласиз, «қайтарадиган» ва топширасиз. Дунёдаги энг осон имтиҳонлар, лекин улардан нима наф? Бу ернинг тажрибасиз шифокорларни етиштираётгани ажабланарли эмас. Бу кулгили шоуни NMC India умуман қандай тан олган? Кимдир буни текшириши керак», — деб ёзган талаба. У ўзи ҳақида биринчи курс талабаси эканлигини ва 2025 йил февраль ойида университетга ўқишга кирганини маълум қилган.

Бундан сўнг май ойида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Кўнратбай Шарипов ТДТУга ташриф буюрди. У ерда ҳинд талабалари билан суҳбатлашди ва ташриф якунлари бўйича университет раҳбариятига улар учун «шароитларни яхшилаш»ни топширган.