
Ўзбекистонда кластерларнинг фермерлардан катта қарзлари йиғилиб қолган. Бу ҳақда 2025 йил 19 июль куни Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган тўқимачилик саноати вакиллари билан очиқ мулоқот чоғида маълум қилди.
«Кун тартибидаги яна бир масала – [кластерларнинг] фермерлардан қарздорлиги. Майли, уларнинг давлатдан қарзи, кредит қарздорлиги бордир, аммо фермерлардан ҳам жуда катта қарздорлиги мавжуд. Натижада фермер солиқ тўлолмаяпти, ишчиларга иш ҳақи беролмаяпти, кредитини ёполмаяпти», – деди Солиқ қўмитаси раҳбари.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳам кластерларнинг фермерлардан қарздорлигини тасдиқлади.
Молиячи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, қатор туманларда нафақат 2024 йилги, балки ҳатто 2023 йилги ҳосил учун ҳам тўланмаган қарзлар мавжуд.
Бакиров бир мурожаатчининг хабари билан ўртоқлашди, унда қарздорликни ундириш жараёни тўхтатилгани айтилади.
«…Барча туманларда фермерлар кенгашларининг юристлари пахта ва ғалла кластерларининг қарздорлигини ундириш бўйича фермерлар номидан миллиардлаб сўмлик даъво аризалари киритишган. Барча судлар ютиб олинган, бутун республика бўйича қарздорлардан юзлаб миллиард сўм ундириш тўғрисидаги қарорлар Мажбурий ижро бюросига юборилган. Ва у ерда ҳаммаси тўхтаб қолган!» – дейилади мурожаатчининг хатида.

