Озарбайжон AZAL самолётининг қулаши сабабли Россияга қарши халқаро даъво аризаси киритади

Озарбайжон 2024 йил декабрь ойида Қозоғистонда Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпанияси самолётининг қулаши муносабати билан Россияга қарши халқаро суд органларига ҳужжатларни тайёрламоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Илҳом Алиев Ханкендидаги Шуша медиафорумида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Алиевнинг сўзларига кўра, 7 ой давомида Боку авиаҳалокат бўйича Россия расмийларидан «ҳеч қандай жавоб» олмаган. Унинг таъкидлашича, Озарбайжон бош прокурори Россия Тергов қўмитасига мунтазам равишда сўровлар юбормоқда, аммо уларга «тергов давом этмоқда» деб жавоб берилмоқда.

«Биз тергов якунланишини кутамиз. Аммо бундай хатти-ҳаракатлар самарасиз деб ҳисоблайман. Бу воқеани унутишга олиб келмайди. Биз буни унутмаймиз. Ҳозир биз тайёргарлик кўрмоқдамиз ва Россия томонига халқаро суд тизимига даъво аризаси киритиш учун ҳужжатлар пакетини тайёрлаётганимизни маълум қилмоқдамиз», — деди Алиев.

«Биз биламизки, бу вақт талаб қилиши мумкин. Малайзия Boeing самолёти мисолида бўлгани каби, бу 10 йилдан ортиқ вақт олди, шунинг учун биз 10 йил кутамиз. Аммо адолат қарор топиши керак», — дея қўшимча қилди у.

Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон лайнер билан нима содир бўлганини билади ва буни исботлай олади. «Биз Россия расмийлари нима бўлганини билишларини биламиз. Ва савол туғилади, нега улар ҳар қандай қўшни қиладиган ишни қилмаяптилар», — деди Озарбайжон президенти.

Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон айбни тан олишни, жабрланганлар оилаларига компенсация тўлашни ва AZALга ҳаво кемаси йўқотганлиги учун зарарни қоплашни талаб қилмоқда.

У шунингдек, қулаш тафсилотларини ҳам айтиб берди. «Бахтимизга, учувчилар жасорат, мардлик ва профессионаллик кўрсатиб, самолётни қўндиришга муваффақ бўлишди ва биз уни йўқотмадик. Ва биз Оқтау шаҳрига нима бўлганини кўриш учун жамоа юборганимиздан сўнг, улар дарҳол хабар беришди ва самолёт фюзеляжининг ҳамма жойида тешиклар борлигини видеога олишди. Самолётда 2 киши бор эди, улар парчалардан жароҳат олишди. Шунинг учун самолётни Украина дрони уриб туширган бўлиши мумкин деган фикр мутлақо кулгили», — деди Алиев.

Унинг сўзларига кўра, самолётга 2 марта ҳужум қилинган. «Тасаввур қилинг: Украина дрони Озарбайжон самолётини нишонга олади, уни уриб туширади, қулайди, сўнгра ҳаммаси қайтадан содир бўлади. Бу болалар боғчаси учун эртак. Биз нима содир бўлганини биламиз, бундан ташқари, Россия ҳаво ҳудуди ёпилмаган эди. Самолёт уриб туширилганидан бир неча дақиқа ўтиб ёпилган. Бунинг учун жавобгарлик „Гилам“ операцияси ҳақида эълон қилмаганларга ҳам юкланади», — дея қўшимча қилди Озарбайжон президенти.

Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Embraer 190 йўловчи самолёти 2024 йил 25 декабрь куни Оқтау яқинида қулаб тушган эди. Лайнер бортида беш экипаж аъзоси билан бирга 67 киши бор эди. Авиаҳалокат натижасида 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши тирик қолган. Йўловчилар орасида Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бор эди. Ерга урилганда самолёт вайрон бўлган ва қисман ёниб кетган.

2025 йил февраль ойида Қозоғистон Транспорт вазирлиги авиаҳалокат тергови бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди. Комиссия самолёт корпусида кўплаб шикастланишларни аниқлади, мутахассисларнинг фикрича, булар «ташқи объектлар» томонидан етказилган.