
Наманган вилоятидаги «Учқўрғон» чегара божхона пости ходими мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини ноқонуний рўйхатдан ўтказишда ёрдам бериш ваъдаси учун пул олаётганда қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Божхона назорати ва расмийлаштируви гуруҳи инспектори наманганлик фуқародан 57 та iPhone 16 Pro Max смартфони учун ҳар бирига 100 доллардан — жами 5700 доллар талаб қилган. Бунга жавобан у Тошкент халқаро аэропортидаги божхона ходими орқали ушбу телефонларни IMEI-кодлар бўйича рўйхатдан ўтказишга ёрдам беришни ваъда қилган. Бундан ташқари, у илгари амалга оширилган, божхона декларациясисиз кийим-кечакларни ноқонуний олиб кириш факти бўйича чора кўрмаслик учун яна 400 доллар сўраган, дейилади хабарда.
Пулнинг бир қисми — 900 долларга эквивалент (11,317 млн сўм) — 11 ва 14 июль кунлари инспектор ва унинг қариндошига тегишли банк карталарига ўтказилган.
2025 йил 16 июль куни инспектор қариндошининг картасига 1000 доллар (12,55 млн сўм) миқдорида навбатдаги пул ўтказмасини олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Фирибгарлик, яъни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган) ва 211-моддаси 1-қисми (Пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. У қамоққа олинган. Тергов давом этмоқда.
IMEI рўйхатга олиш тизими атрофидаги муаммолар
IMEI кодларини пуллик рўйхатга олиш тизими (у ноқонуний фойдаланиш ва қурилмалар сотилишига қарши курашиш мақсадида яратилган) билан боғлиқ муаммолар унинг ишга туширилган пайтидан бошлаб деярли доимий равишда кузатилмоқда. Ўзбекистон фуқаролари ва чет элликлар ҳали ҳам ушбу тартиб-қоидаларнинг бюрократик қийинчиликларига дуч келмоқдалар.
2020 йилда кодлар бошқа шахсларнинг паспорт маълумотларига рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлди, шу сабабли кўплаб одамлар ўз қурилмаларини ўз номига рўйхатдан ўтказа олмадилар. Ўшанда UzIMEI тизими оператори рўйхатдан ўтказиш тартибини ўзгартирди.
2024 йил охиридан бошлаб Ўзбекистонга янги мобил қурилма олиб киришда IMEI-кодлари кўрсатилган божхона декларациясини тўлдириш керак, акс ҳолда UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда божхона қийматининг 30% миқдорида тўлов тўлашга мажбур бўладилар. Буни телефон сотиб олишда бозорларда ҳам қўшимча тўлов эвазига амалга ошириш мумкин.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент аэропортида телефонларни декларация қилмоқчи бўлганларнинг катта навбатлари ҳосил бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кечқурун Божхона қўмитаси матбуот хизмати навбат қисқа муддатли бўлгани ва бартараф этилганини маълум қилди.
Қўмита қурилмаларни сотиб олишда IMEI-кодларнинг рўйхатдан ўтганлигини текширишни ва фақат расмий сотувчилардан сотиб олишни тавсия қилди. Агар қурилма фақат битта SIM-карта билан рўйхатдан ўтган бўлса ва eSIM базада мавжуд бўлмаса (бу кўпинча телефонлар арзонроқ бўлган бозорларда сотиб олинганда содир бўлади), бу ноқонуний олиб киришдан далолат бериши мумкинлигини Божхона қўмитаси қайд этди.