Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/07/2025

Блогер Chechenka болаларни жанжалга ундагани учун жавобгарликка тортилди

«Chechenka» тахаллуси билан танилган (Instagram’да 1,7 миллион обуначиси бор) блогер Гулзода Абдуллаева болаларни ўткир нарсалар билан жанжаллашишга ундагани учун жавобгарликка тортилди, дея хабар берди Ўзбекистон Болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда блогернинг вояга етмаган ўғли ва жиянини ўзаро жанжаллаштираётгани акс этган видео тарқалган. Кадрларда аёл болаларга: «Пичоқ ол», «Вилкани санч» дегани акс этган. Ҳозирда видео ўчириб ташланган.

Болалар омбудсмани вазиятни ўрганиб чиқди ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Ички ишлар вазирлигига сўров юборди.

Яккасарой тумани ИИБ маълумотларига кўра, видео 2025 йил 13 июль куни Тошкент вилоятида оилавий дам олиш вақтида тасвирга олинган ва блогернинг Instagram’даги шахсий саҳифасига жойлаштирилган.

Аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади) бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Оила алоҳида назоратга олинди, дейилади хабарда.

Сенатор Жамила Бобоназарова содир бўлган воқеани кескин танқид қилди. У блогернинг нашрларини ўрганиб чиққанини ва унинг асосий аудиторияси аёллар, асосан кўп болали оналар эканлигини аниқлаганини таъкидлади.

«Халқ вакили сифатида мен ижтимоий тармоқларда бундай контент тарқатилишини кескин қоралайман. […] Фикримча, [блогернинг] руҳий саломатлигини текшириш зарур. Чунки болани жанжалга ундаш […] «пичоқ олиб кел, вилка олиб кел, санч» деган сўзлар билан, менимча, руҳий соғлом онадан чиқиши мумкин эмас», — деди сенатор.