Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Тошкентда Миробод тумани ИИБ бўлинма бошлиғи қўлга олинди

Тошкент шаҳар Миробод тумани Ички ишлар бошқармаси таркибидаги ички ишлар органлари фаолиятини мувоффиқлаштириш бошқармасининг бўлинма бошлиғи подполковник У. С. фирибгарлик ва пора беришда айбланиб қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати. Тезкор тадбир Бош прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилди.

Маълум қилинишича, ИИБ ходими Яккасарой тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш) бўйича қўзғатилган жиноят иши фигурантига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини гаровга ўзгартиришга эришишни ваъда қилган.

«Хизмат» эвазига айбланувчининг қариндоши подполковникка 18 минг доллар берган. ИИБ ТЭК вакили ўз ваъдасини бажара олмаган ва пулни қайтариши керак бўлган. У кўрсатилган сумманинг бир қисмини қайтариб бераётганда қўлга олинган, дейилади хабарда.

Мансабдор шахсга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.