Ўзбекистон Президенти Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди

Ўзбекистон Президенти «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Фармон билан Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Натижада Администрациянинг ўзида ва унинг тизимидаги ташкилотларда 284 та штат бирлиги қисқартирилди ҳамда такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.

Президент Администрацияси фаолиятида бешта устувор йўналиш белгиланди: таълим, бизнес муҳити, суд-ҳуқуқ тизими, соғлиқни сақлаш ва сув ресурслари.

«Ушбу соҳалардаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Администрация тузилмасида раҳбарнинг бешта ўринбосари лавозими киритилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Президентнинг стратегик ривожланиш ва ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари таъсис этилди, шунингдек, қуйидаги департаментлар ташкил этилди:

  • молиявий технологиялар бўйича;
  • рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича;
  • креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича;
  • жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича;
  • тадбирларни ташкил этиш бўйича;
  • йиғилишлар ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича;
  • коммуникациялар департаменти.

Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси тузилмаси 2023 йил август ойида ўзгартирилган эди. Ўшанда Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилган, шунингдек, Президент ёрдамчисининг яна иккита лавозими киритилган, маслаҳатчилар сони 9 тадан 11 тага ошган ва бошқа ўзгаришлар бўлганди.

Июнь ойида давлат раҳбарининг фармони билан Президент Администрацияси раҳбари лавозими қайта тикланди, бу лавозимни аввал Президент ёрдамчиси бўлиб ишлаган Саида Мирзиёева эгаллади.