
Тошкентдаги 10 та пиёдалар ўтиш жойида сунъий интеллектга асосланган камералар иш бошлади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Тартибга солинмаган ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчилар ушбу камералардан олинган маълумотлар асосида жаримага тортилади.
Қурилмалар ишга тушган 3 кун ичида 1700 дан ортиқ шундай қоидабузарликлар аниқланди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг хабар беришича, яқин кунларда Тошкентнинг яна 30 та чорраҳасида бундай камералар ўрнатилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Тошкентда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1189 киши жароҳат олган, 91 киши ҳалок бўлган. ЙТҲларнинг катта қисми — 720 таси — пиёдалар иштирокида содир бўлган.
Яқинда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев «Хавфсиз йўл» миллий дастури ишга туширилганини эълон қилди. Фото ва видеорадарлар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун ундирилган жарималарнинг 25% «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» фондига тушади. Бу маблағлар йўлларнинг авария хавфи юқори бўлган участкаларини яхшилаш, ажратувчилар, пиёдалар ўтиш жойлари, ёритиш ва светофорлар ўрнатишга йўналтирилади. Аҳоли бундай яхшилашлар зарур бўлган жойларни махсус портал орқали онлайн тарзда таклиф қилиши мумкин бўлади.