Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 14/07/2025

Ўзбекистон куйдирги касаллигининг кириб келишини олдини олиш чораларини кўрмоқда

Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ҳайвонлар ўртасида куйдирги касаллигининг кўпайган ҳолатлари кузатилмоқда. Asia Plus нашри аввалроқ Тожикистоннинг Хуросон туманида тўрт кишининг куйдирги гумони билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эди. Қозоғистоннинг Акмола вилоятида эса ҳайвонлардан одамларга касаллик юқиши сабабли икки қишлоқ карантинга ёпилган, дея хабар беради Tengrinews.

Ўзбекистонда ушбу касаллик билан боғлиқ вазиятни Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бўлим мудири Фарҳод Қурбонбеков изоҳлади.

Унинг сўзларига кўра, куйдирги касаллигининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида 55 та чегара пункти орқали ўтаётган барча шахслар қаттиқ назоратдан ўтказилмоқда.

Касалликнинг эҳтимолий ўчоқларида тупроқ намуналари олиниб, улар доимий лаборатория назоратидан ўтказилмоқда, дея таъкидлади Фарҳод Қурбонбеков. Унинг сўзларига кўра, касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича барча зарур профилактик чоралар кўрилмоқда.

«Ўзбекистонда касалликнинг кичик гумони пайдо бўлганда ҳам ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволаш учун барча шароитлар яратилган», — дея таъкидлади мутахассис.

Куйдирги – Bacillus anthracis бактерияси келтириб чиқарадиган юқумли касаллик. У организмнинг умумий интоксикацияси, иситма, тери, ўпка ва ичакларнинг шикастланиши билан тавсифланади. Куйдиргига барча турдаги қишлоқ хўжалиги, ёввойи ва уй ҳайвонлари чалинади. Касаллик одамларга ҳам юқади. Шу билан бирга, куйдирги одамдан одамга юқмайди, фақат ҳайвондан одамга юқади.

Фарҳод Қурбонбековнинг айтишича, инсоннинг зарарланиши асосан куйдирги билан касалланган ҳайвонларни парвариш қилишда, ветеринария кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйишда, уларнинг терисини шилишда, шунингдек, етарлича термик ишлов берилмаган гўштни истеъмол қилишда содир бўлиши мумкин. 100 даражада қайнатилган гўшт ҳам хавфли бўлиши мумкин, фақат тўлиқ пиширилган, пушти ранг қисмлари бўлмаган гўшт хавфсиз ҳисобланади.

Агар сўйишда иштирок этган одамда бир ҳафта ичида қўлида ёки танасининг бошқа қисмида яра пайдо бўлса — дарҳол шифохонага мурожаат қилиш зарур. Ўз-ўзини даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, дея таъкидлади мутахассис.