
Ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида Тошкентда уй ҳовлиларидаги сув ҳавзаларига тушиб кетган болаларнинг аҳволи ҳақида турлича маълумотлар тарқалди. Хусусан, 7 нафар бола чўккани, улардан икки нафари вафот этгани айтилган эди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Аниқланишича, 2025 йилнинг 12 майидан 10 июлига қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига Тошкент шаҳрининг турли туманларидаги яшаш манзилларидан 7 нафар вояга етмаган боланинг сувга чўкиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.
Маълумотларга кўра, 7 боладан 4 нафари тиббий муолажалардан сўнг уйига қайтарилган. 2 нафар бола ҳозирда ҳам шифохонада даволанмоқда, улардан бирининг аҳволи ўта оғир эканлиги айтилмоқда.
Шунингдек, 1 нафар боланинг қаровсиз қолдирилиши оқибатида хонадондаги сув ҳавзасига тушиб кетиб, вафот этгани қайд этилган. Вояга етмаган бу бола тиббиёт муассасасига олиб борилган пайтдаёқ унда биологик ўлим ҳолати қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.