Ўзбекистонлик футболчи Бельгиянинг «Антверпен» клубида тўп суради

«Пахтакор» ярим ҳимоячиси ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси 20 ёшли Муҳаммадали Ўринбоев «Антверпен» футболчисига айланди, дея хабар берди Бельгия клуби матбуот хизмати.

Ўзбекистонлик футболчи янги клуби билан тўрт йиллик — 2029 йил 30 июнгача мўлжалланган шартнома имзолади ва ўнг қанот вингери позициясида ўйнайди.

Ўринбоевнинг «Пахтакор»даги дебюти футболчи ҳали 17 ёшга тўлмасдан туриб амалга ошган эди. Жорий мавсумда футболчи «Пахтакор» сафида 14 та ўйин ўтказиб, 5 та гол урди ва 3 та голли узатма берди. У шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам тўп суради ва охирги U-20 Осиё Кубогининг тўртта гол билан энг яхши тўпурари бўлди.

2024 йил февраль ойида у ижара асосида Англиянинг «Брентфорд» ёшлар жамоасига ўтган эди. Ўшандан буён унинг трансфер нархи 200 минг евродан 450 минг еврогача ошди.

«Антверпен» — Бельгиянинг беш карра чемпиони, аммо жамоа ўтган мавсумни бешинчи ўринда якунлади.