
Тошкентдаги Шаҳрисабз кўчасининг бутун узунлиги бўйлаб (Grand Mir меҳмонхонаси ёнидаги айланма йўлдан Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишгунча) — бу 3 кмни ташкил этади — реконструкция ишлари бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
«Тирбандликлар ва ноқулайликларни камайтириш мақсадида таъмирлаш ишлари транспорт ҳаракатини чекламаган ҳолда олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Кўчанинг айрим қисмлари зарурат туғилганда вақтинча ёпилиши мумкин, бу ҳақда қўшимча равишда хабар берилади.
Шуни таъкидлаш жоззинки, айни пайтда Шаҳрисабз кўчасининг давоми бўлган Шота Руставели кўчасида ҳам — Grand Mir меҳмонхонасидан қарама-қарши томонга — реконструкция ишлари олиб борилмоқда. У ерда, хусусан, кўчанинг ўртасида автобуслар учун алоҳида йўлак яратилмоқда.
Бундан ташқари, Шаҳрисабз кўчаси билан кесишувчи Ўзбекистон овози кўчасидаги реконструкция ишлари ҳам тез орада якунланиши керак.