
Ўзбекистонда 4 ва 5 қаватли уйларга лифт ўрнатиш бўйича дастур тайёрланмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 8 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг матбуот анжуманида сўз юритилди.
Вазирлик бўлим бошлиғи Азиз Халилов аниқлик киритишича, мамлакатда 14 637 та тўрт қаватли ва 7541 та 5 қаватли уй мавжуд.
«Мутахассисларимиз беш қаватли уйларга лифт ўрнатилган хорижий давлатлар тажрибасини ўргандилар. Бу тажрибани бизда ҳам жорий этиш режалари ишлаб чиқилмоқда», — деди у.
Вазир ўринбосари Озода Жўраева вазирлик бу йўналишда дастур ишлаб чиқаётганини тасдиқлади. «Аҳолидан, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслардан мурожаат ва таклифлар келиб тушмоқда», — дея қўшимча қилди.
Эски уйларга лифт ўрнатиш турли мамлакатларда кенг тарқалган амалиётдир. Мисол тариқасида Австрия, Германия, Финляндия, Эстония ва бошқа давлатларни келтириш мумкин.
Азиз Халиловнинг сўзларига кўра, 5 қаватгача бўлган уйларга лифт ўрнатишдан олдин 9 ва 12 қаватли бинолардаги лифтлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарур.
«Ҳукумат қарорига мувофиқ, мамлакат бўйлаб 5491 та кўп қаватли уйдаги 13 798 та лифт тўлиқ инвентаризация қилинди. Натижада 2001 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугагани, уларни алмаштириш зарурлиги, яна 382 та лифт таъмирга муҳтожлиги аниқланди. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетлардан 854,6 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган», — деди.
Аввал эскирган лифтлар тўлиқ алмаштирилади, кейингина 4 ва 5 қаватли уйларга лифт ўрнатиш режалаштирилган, деди мутахассис.