
Тошкентнинг Олмазор тумани Фаробий ва Шифокорлар кўчалари кесишмасида иссиқлик тармоқларининг механик мустаҳкамлигини синаш вақтида диаметри 800 мм бўлган қувур ёрилди. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent компанияси хабар берди.
Бундан аввал ижтимоий тармоқларда кузатув камераларидан олинган видеолар тарқалган эди. Уларда ер остидан отилиб чиққан жигарранг сув оқими баъзи йўловчиларга тегиб, улар йиқилгани акс этган. Шу билан бирга, тошлар ҳам учиб кетган. Бир эркак ва аёл бошларини ушлаб турибди. Автомобиллар четга чиқиб кетган.
Компания хабарида айтилишича, янги иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудда 16 атмосфера босим остида қувурларнинг механик мустаҳкамлиги синовдан ўтказилмоқда.
Соат 10:40 да ТМ-10 қозонхонаси ҳудудидаги иссиқлик трассасининг М 0-16 ва М 0-17 иссиқлик камералари оралиғида 12,6 атмосфера босимда сув отилиб чиққан. Ушбу участка 1989 йилда фойдаланишга топширилган, дея қайд этди компания.
«Яқин атрофдаги дўконларда моддий зарар қайд этилди — умумий майдони 8 кв. м. бўлган ойна витриналар синган. Етказилган зарар қопланади. Авария юз берган жой истеъмолчиларни иссиқ сув таъминотидан узмасдан тезкорлик билан бартараф этилди», — дея баёнот берди Veolia Energy Tashkent.
Шунингдек, компания етказилган барча зарарни — фуқароларнинг мулки, транспорт воситалари ёки бошқа объектларга зарар етказилган бўлса ҳам — қоплаши аниқланди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олганини маълум қилди. Уларга жойида ёрдам кўрсатилган.
Баъзи интернет-каналлар газ қувури портлагани ҳақида хабар берди. «Бу ҳодиса газ тармоқларига ҳеч қандай алоқаси йўқ», — дея баёнот берди «Ҳудудгазтаъминот». «Ҳеч қандай авария ёки техник носозликлар қайд этилмаган, газ тармоқларига зарар етмаган», — дея қўшимча қилди компания.