
Тошкентнинг Учтепа тумани Фарҳод кўчасидаги авто эҳтиёт қисмлар бозорида товламачилик ва фирибгарликда гумонланаётган 12 киши ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди, дея хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.
Гумонланувчиларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, уларнинг ёши 23 ёшдан 37 ёшгача ва муқаддам судланган.
Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари ўзбошимчалик билан автомобилга турли қурилмалар ўрнатиб, эгасидан бозор нархи 600 доллар бўлган хизмат учун 13,3 минг АҚШ доллари талаб қилган. Эгаси суммани рад этмоқчи бўлганида, унга таҳдид қилинган.
Яна бир жабрланувчи 15 миллион сўм тўлашга мажбур бўлган. Гумонланувчилар унинг машинасига эҳтиёт қисмлар ўрнатиб, калитларини олиб қўйишган ва руҳий босим ўтказишган.
Бошқа икки автомобиль эгаси кўрсатилмаган хизматлар — қўшимча эҳтиёт қисмлар ўрнатиш учун 70 миллион сўм беришга мажбур бўлган.
Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Улар қамоққа олинган.
Тергов доирасида айбланувчиларнинг бошқа жиноятларни содир этишга алоқадорлиги текширилмоқда ва эҳтимолий жабрланувчиларнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.