
2025 йилнинг биринчи ярмида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга 885 та мурожаат келиб тушган – бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 47% га кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон болалар омбудсмани фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда айтилган.
Мурожаатларнинг умумий сонидан 20 таси (2,3%) вояга етмаганларнинг ўзлари томонидан юборилган.
6 ой давомида болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 21 марта шахсий қабул ўтказган, унда 87 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилган. Унинг офиси ходимлари болалар манфаатларига дахлдор ишлар бўйича кузатувчи сифатида 20 та суд мажлисида (фуқаролик, жиноий ва маъмурий) иштирок этган.
Интернет мониторинги натижасида болалар ҳуқуқлари бузилишининг 185 та ҳолати аниқланди. Уларнинг 60 тасида вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳақида сўз борган. Бу фактлар бўйича 16 та жиноят ва 22 та маъмурий иш қўзғатилган.
Ота-оналар ва бошқа қариндошларнинг мурожаатларига асосан 5 нафар бола хориждан Ўзбекистонга қайтарилди, бир нафар бола Россияга репатриация қилинди. Бундан ташқари, Россиянинг турли ҳудудларида қаровсиз қолган 16 нафар бола ватанга қайтарилди.