Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди

Ўзбекистон БРИКС ташкилотининг ҳамкор давлатига айланди. Бу ҳақда 6-7 июль кунлари Бразилияда бўлиб ўтган гуруҳнинг 17-саммити қўшма баёнотида айтилган.

«Биз Индонезияни БРИКС аъзоси сифатида, Беларусь, Боливия, Қозоғистон, Куба, Нигерия, Малайзия, Таиланд, Вьетнам, Уганда ва Ўзбекистонни эса БРИКСнинг ҳамкор давлатлари сифатида олқишлаймиз», — дейилган.

Бу давлатлар вакиллари БРИКС саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари саммитлари доирасидаги алоҳида учрашувларга таклиф этилади.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги (ТИВ) бу маълумотни тасдиқлади.

«БРИКС аъзолари — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка, шунингдек, сўнгги йилларда уюшмага қўшилган бошқа давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлар изчил ва ҳар томонлама ривожланмоқда, — дея маълум қилди ТИВ. — Бу ҳамкорлик савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, илмий, инновацион ва бошқа муҳим йўналишларни қамраб олади».

ТИВда қайд этилишича, Ўзбекистон БРИКС платформаси доирасидаги ҳамкорлик ва очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлайди ҳамда умумий ривожланиш, барқарорлик ва ўзаро манфаатли интеграцияга ҳисса қўшишга тайёр.

«БРИКС билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг прагматик ва мувозанатли йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда», — дея қўшимча қилди вазирлик.

2024 йил охирида Ўзбекистон 1 январдан бошлаб БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланиши хабар қилинган эди.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Алоев Ўзбекистон БРИКС доирасидаги фаолиятини «босқичма-босқич» чуқурлаштиришга интилаётганини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июнь ойида БРИКС Янги тараққиёт банки Бошқарув кенгаши Ўзбекистоннинг банкка аъзо бўлишига розилик берган эди. Умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлган қўшма лойиҳалар дастури суғориш тизимларини модернизация қилиш ва тоғ-кон саноатини ривожлантиришни ўз ичига олади.