Ўзбекистонда музлатгичларни сертификатлаш билан боғлиқ масалалар

Ўзбекистондаги тадбиркорлик вакиллари президентнинг тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича топшириғига қарамай, музлатгич ва музлаткичларни сертификатлашда муаммоларга дуч келмоқда.

Бу ҳақда 2025 йил 27 июнь куни Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган тармоқ ва саноат уюшмалари раҳбарлари билан очиқ мулоқотда Алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (UzBev) ижрочи директори Алфия Мусина маълум қилди.

Унинг эслатишича, президентнинг 2025 йил 18 апрелдаги фармони (ПФ-67) билан юқори хавф даражасига эга маҳсулотларни, жумладан, витринали музлатгичларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинган – унинг ўрнига мувофиқлик декларацияси тартиби жорий этилган.

«Бугунги кунда, сертификатни бекор қилиш ва халқаро амалиёт, хусусан, ишлаб чиқарувчидан мувофиқлик декларацияси рельсига ўтиш талабига қарамай, афсуски, Ўзбекистонга ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта бизнесга бепул фойдаланиш учун олиб келинаётган витринали музлатгичлар сертификатлашдан ўтмаяпти. Товар уч ойдан ортиқ ушлаб турилмоқда. Ҳозир мавсум, жуда иссиқ мавсум», — дея таъкидлади Мусина.

Унинг қайд этишича, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликка ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мавжудлигига қарамай, маҳаллий ишлаб чиқаришдаги витринали музлатгичлар доимо ҳам бизеснинг барча талабларига жавоб бермайди.

«Баъзи жиҳатлар борки, улар ҳали етарли даражада эмас. Биз маҳаллий ишлаб чиқарувчи Artel компаниясининг витринали музлатгичлари бизнинг талабларимизга жавоб бермайди демоқчи эмасмиз, лекин музлатгичларда қўллаётган талабларимиз ва нормативларимизнинг айрим турлари борки, афсуски, ишлаб чиқарувчи томонидан эълон қилинган сифатга жавоб бермайди», — деди UzBev ижрочи директори.

Мусинанинг қўшимча қилишича, ҳозирда музлатгичлар божхонада турибди, чунки Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») фармонни амалга ошириш механизми йўқлигини айтиб, уларни божхонадан расмийлаштирмаяпти.

«Бизга бу фармонни амалга ошириш механизми ҳали ишлаб чиқилмаганлигини айтишмоқда… «Ўзстандарт» ҳали механизм йўқлигини, ҳаммаси шаклланаётганлигини айтмоқда. Биз Ўзбекистонга мувофиқликни декларациялаш тартибини ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёрмиз ва буни халқаро тажриба асосида амалга оширишимиз мумкин. Бу Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашаётган барча ҳамкасблар томонидан жуда ижобий қабул қилинади», — дея таъкидлади Мусина.

Музқаймоқ ишлаб чиқарувчи бошқа бир тадбиркорнинг хабар беришича, музлаткичлар билан ҳам худди шундай муаммо юзага келган, улар саккиз ойдан бери божхонада турибди. «Музлаткичлар 8 ойдан бери чиқмаяпти. Омборда турибди. Биз дўконлар музқаймоғимизни сотиши учун музлатгичларни бепул тақдим этамиз. Бунда ёрдам беришингизни сўраймиз», — деди у.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов «ваколатли органлар бунинг учун жавобгарликка тортилиши»ни айтиб, «Ўзстандарт» директори Акмал Жуманазаровга фармон ижро этилмаётгани сабаблари ҳақида ёзди.

«Сиз ҳақсиз, сентябрда музлаткичлар керак бўлмайди», — дея таъкидлади. Бунга жавобан тадбиркор 6 ой давом этадиган музқаймоқ мавсуми аллақачон ўтиб кетганини таъкидлади.

Ваҳобов президент тегишли орган раҳбарини танқид қилганини эслатди: «У, агар бундай ускуна ишлаб чиқара олмасанг, нега бундай тўсиқлар қўясан, деди».

Тадбиркор Artel музлатгичлари ишлаб чиқарувчисига эътирози йўқлигини, аммо ўзи фойдаланаётган турк ишлаб чиқарувчисининг ускунаси афзалликларини кўрсатди.

2025 йил 18 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев сертификатлаш органлари фаолиятини танқид қилган эди, кўплаб лабораториялар талабларга жавоб бермаслиги, миллий стандартлар хорижда тан олинмаслигини қайд этган эди. У шунингдек, манфаатлар тўқнашувига эътибор қаратди: сертификатлаш органлари назорат функцияларини бирлаштиради.

Бундан ташқари, бизнес гўшт ва сут маҳсулотларига санитария-эпидемиология хулосаларини олишнинг чўзилиб кетишидан шикоят қилмоқда.