Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида солиқ юкини камайтириш, аммо бюджет тушумларини сақлаб қолиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 2025 йил 5 июль куни Савдо-саноат палатаси томонидан меҳмонхона бизнеси ва аудиторлик компаниялари вакиллари билан ташкил этилган очиқ мулоқот чоғида солиқ маъмурчилигини ислоҳ қилиш режалари ва айланмадан олинадиган солиқни қайта кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Гипотетик равишда тасаввур қилинг: айланмадан олинадиган солиқ умуман керакми? — дея аудиторияга юзланди Қудбиев. — Сизга микрофирмалар учун нормал солиқ керак, лекин давлат учун ҳамма учун бир хил маъмурчилик керак», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, Солиқ қўмитаси қонунчиликдаги ўзгаришлар туфайли солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритишга ва йўриқномаларни нашр этишга улгурмаяпти.

Қудбиевнинг фикрича, мураккаб маъмурчилик тизими ва амалдаги бешта солиққа тортиш тизими (айланмадан олинадиган солиқ, ҚҚС, фойда солиғи, қатъий солиққа тортиш ва ўзини ўзи банд қилганлар учун тизим) туфайли хатолар ва коррупция хавфи ортмоқда.

«Тасаввур қилинг, бир солиқчи ҳам ҚҚСни, ҳам фойда солиғини, ҳам айланмадан олинадиган солиқни ва бошқа ҳамма нарсани тушуниши керак. Бу маъмурчиликни мураккаблаштиради ва хатолар ҳамда коррупцияга олиб келади», — деди Қудбиев.

Қўмита раиси хизмат кўрсатиш соҳасидаги «катта солиқ юки»ни қайд этди.

«Солиқ юки – бу 12% ҚҚС. Лекин уларнинг ҳисобга олиши жуда кичик, чунки таннархнинг асосий улуши иш ҳақини ташкил қилади. Чунки [аудитор] ўз билими учун пул олади, у ерда эса ҚҚС бўйича ҳисобга олиш йўқ», — деди.

Унинг фикрича, шу сабабли кўплаб компаниялар, масалан, тиббиёт соҳасида «сояга» ўтиб кетмоқда. 2025 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини сотиш ёки тиббий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи барча юридик шахслар, даромад даражасидан қатъи назар, ҚҚС тўлаши шарт.

«Биз тиббий хизматларнинг сояга ўтаётганини кузатмоқдамиз. Нега? Катта солиқ юкидан. Шунинг учун бу солиқ маъмурчилиги ва солиқ сиёсатини қондирадиган, лекин шу билан бирга бюджет даромадлари тушиб кетмайдиган, аммо юк бироз камайтириладиган бошқа механизм ўйлаб топиш керак», — дея тушунтирди.

Қудбиевнинг таъкидлашича, харажатларнинг бундай тузилмаси бизнесни сунъий равишда «бўлинишга» ёки хизматларнинг ҳақиқий ҳажмини пасайтиришга мажбур қилади. Агар юк камайтирилса, тадбиркорлар кўпроқ айланмани кўрсатадилар, бунинг натижасида давлат бюджети солиқ тушумларида йўқотмайди, дея ишонч билдирди.

Қудбиев ҚҚСга мажбурий ўтиш учун белгиланган 1 миллиард сўмлик чегара «кейинчалик уни ошириш учун жорий этилмаган»лигини таъкидлади. Унинг эслатишича, бу чегара 2020 йилда бухгалтерларга мослашиш учун вақт бериш мақсадида жорий этилган.

«Бутун дунёда битта тизим – ҳамма ҚҚС тўловчиси бўлиши керак», — деди идора раҳбари.

Қудбиевнинг сўзларига кўра, ҳукумат Молия вазирлиги ва Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) билан биргаликда солиққа тортишни оптималлаштириш бўйича комплекс ечим ишлаб чиқмоқда, бу бюджетга тушумларни сақлаб қолиш ва бизнесга юкни камайтириш имконини беради.

«Мен ҳозир буни катта аудиторияга ошкор қилишни хоҳламайман, лекин ишонинг, биз Молия вазирлиги билан баъзи юридик шахслардан солиқ юкини олиб ташлаш, шу билан бирга солиқ базасини йўқотмаслик, лекин солиқ юкини олиб ташлаш имкониятини бериш устида ишламоқдамиз. Биз бунинг устида ҳаракат қилмоқдамиз ва ишламоқдамиз. Ўйлайманки, яқин кунларда янгиликларни эшитасиз», — деди.

Қўмита раҳбари қарорларни ишлаб чиқишда Халқаро валюта фонди тавсиялари инобатга олинганини қайд этди.

«Мана шу йўналишда ишламоқдамиз. Биз буни эшитамиз, кўрамиз, лекин бу тез бўлмайди. Бу молиявий йил тугаши керак, чунки йил ўртасида бундай ўзгаришлар қилинмайди», — дея хулоса қилди.