Ўзбекистон Президенти: «Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани урушга тортиш хавфини юзага келтирди»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 июль куни Қорабоғ ҳудудидаги Ханкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида нутқ сўзлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

У ўз нутқининг бошида «ўзида ноёб тарихий ва маданий меросни мужассам этган Қорабоғнинг қадимий заминида» делегация раҳбарлари билан учрашувдан мамнунлигини таъкидлади. Давлат раҳбари Ўзбекистон минтақанинг бунёдкорлик ва тинчлик маконига айланаётганидан хурсанд эканлигини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев Афғонистон муваққат ҳукумати делегациясининг «узоқ танаффусдан сўнг» иштирокини ҳам олқишлади. У Ўзбекистон бу мамлакатни «ташкилот минтақасининг ажралмас қисми, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт ўзаро боғлиқлигининг муҳим иштирокчиси» сифатида қабул қилишини ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти «жаҳон ҳамжамияти ўта кескин инқирозни бошдан кечираётганини» айтди ва низолар ҳамда қарама-қаршиликларнинг аксарияти айнан ИҲТ минтақасида содир бўлаётганини қайд этди.

«Халқаро ҳуқуқ ва глобал хавфсизлик институтлари инқирози мулоқот ва ҳамкорликни янада заифлаштириб, куч ишлатишга кенг йўл очмоқда. Ташкилотимиз аъзоси бўлган Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш ва кенг кўламли экологик фалокат ўчоғининг юзага келиши хавфини юзага келтирди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Эрон ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни қўллаб-қувватлашини билдирди. «Бу қарорни минтақадаги кескинликни юмшатиш ва хавфсизликни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз. Ишончим комилки, бу барча муаммоларни дипломатия ва конструктив музокаралар орқали ҳал қилиш учун мустаҳкам асос яратади», — деди у.

«Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва уларни қўллашни жиловлаш халқаро хавфсизликнинг энг долзарб масаласи эканлигини инобатга олиб, яна бир бор жаҳон ҳамжамиятини ядро қуролидан холи зоналар географиясини кенгайтиришга чақирамиз», — дея урғулади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти шунингдек, Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини етказишдаги чекловларни олиб ташлаш ва БМТ резолюцияларига мувофиқ мустақил Фаластин давлатини яратиш тарафдори эканлигини билдирди.