
Ички ишлар органлари ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов.
Сешанба, 2025 йил 1 июль куни соат тахминан 20:50 да профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласидаги маиший можаро юзасидан чақирувга жўнаб кетган.
ИИВ маълумотларига кўра, воқеа жойида 64 ёшли Юнусали Холбозоров маст ҳолатда оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид қилган. Маст эркакни ушлашга уриниш чоғида инспекторга пичоқ билан кўкрагига зарба берган.
Олган жароҳати оқибатида катта лейтенант Абдувалиев шифохонага кетаётган йўлда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» банди (Шахсни ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан қасддан ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи ҳодиса жойидан яширинган. Тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
ИИВ фуқаролардан Холбозоровнинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга бўлса, яқин атрофдаги ички ишлар бўлимига мурожаат қилишни ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишни сўрайди. Анонимлик кафолатланади.
Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлган ИИБ ходимининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва унинг хизмат бурчини адо этиш чоғида мардлик ва фидоийлик кўрсатиб ҳалок бўлганини таъкидлади.