
Божхона қўмитаси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган енгил автомобилларни Тожикистон ҳудудига ноқонуний олиб чиқиш ва сотишда гумон қилинаётган саккиз кишидан иборат гуруҳ аниқланганини маълум қилди.
Хабар қилинишича, улар автомобилларни 100-200 доллар миқдоридаги мукофот эвазига ҳайдаб ўтишган. Машиналар «Андархон», «Ойбек», «Пап» ва «Ҳовособод» назорат-ўтказиш пунктлари орқали олиб ўтилган.
Жами Тожикистонга 59 та турли русумдаги транспорт воситалари, жумладан BYD, Volkswagen, Kaiyi X3, Honda, Geometry, Faw ID4 ва бошқалар олиб ўтилган. Бу автомобилларнинг барчаси қўшни давлат ҳудудида ноқонуний сотилган.
Бундай ҳолатлар аввал ҳам хабар қилинган эди. Божхона қўмитаси фуқароларни ишончнома асосида автомобилларни бошқа шахсларга топширишда ҳушёр бўлишга яна бир бор чақирди.
«Агар ишончнома асосида расмийлаштирилган транспорт воситасини қайтаришда муаммога дуч келсангиз ёки транспорт воситаси Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилганлигига шубҳа ёки гумонлар бўлса, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг», — дейилади қўмита хабарида.

