
Тошкент шаҳрида дарахтларнинг рақамли реестрини яратиш бошланди. Бу яшил майдонларни, жумладан қурилишни режалаштириш босқичида ҳам тўлиқ ҳисобга олиш, шунингдек, ноқонуний кесиш ҳолатларида чора кўриш имконини беради.
Йил охиригача green.tashkent.uz платформасида 1 миллионга яқин дарахтни рақамлаштириш ва рақамли реестрга киритиш режалаштирилган, дея хабар берди Zamin фонди матбуот хизмати.
2025 йил март ойида дарахтларни инвентаризация қилишда иштирок этиш учун 120 нафар номзод танлаб олинган эди. Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти мутахассислари фонд кўмагида «дала» шароитида ускуналарни синовдан ўтказиш ва амалий ишларни якунлагандан сўнг, шаҳар дарахтлари ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базасини яратишга киришдилар.
«Рақамли реестр дарахтларни тўлиқ ҳисобга олиш, уни шаҳарсозлик ва ердан фойдаланиш учун масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, шунингдек, ноқонуний кесишларнинг олдини олишга кўмаклашади», — дейилади хабарда.
Лойиҳада сунъий интеллект, GPS-ускуналар, фотофиксация ва яшил майдонларни инструментал ўлчаш каби замонавий технологиялар қўлланилмоқда. Рақамлаштириш ва дендрологлар томонидан текширувдан ўтказилгандан сўнг, реестрда дарахтларнинг аниқ сони, тури, ёши, ҳолати ва бошқа муҳим хусусиятларини билиш мумкин бўлади.
2021 йил декабрь ойида Ўзбекистон президенти 2022 йил 1 мартдан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган барча турдаги дарахтларни ҳисобга олиш учун «Дарахтлар реестри» тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Мамлакатдаги барча дарахтларни рақамлаштиришни 2023 йил сентябргача якунлаш режалаштирилган эди. Шу фармон билан дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий эълон қилинган эди.
2024 йил январь ойида Ўзбекистон бўйлаб беш ёшдан ошган 254 миллиондан ортиқ дарахт рақамлаштирилгани хабар қилинган эди.