
Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) 25 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда жамоат жойларида юзни тўсадиган кийимларни кийишни тақиқловчи қонунчиликка ўзгартиришларни маъқуллади. Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилди, деб хабар беради Zakon.kz.
Сенатор Наврўзбой Байқадамовнинг аниқлик киритишича, ўзгартиришлар «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунга киритилмоқда. Юзни тўсадиган кийимлар тиббий мақсадларда, муайян об-ҳаво шароитларида, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажаришда қўлланилганда истиснолар назарда тутилган.
«Бу чора шахсларни таниш имкониятини такомиллаштириш орқали жамоат жойларида содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар профилактикаси самарадорлигини оширади», — деди сенатор.
Ушбу нормага риоя қилмаганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилгани нашрда айтилмаган.
2025 йил январь ойида Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш тузатишлар тасдиқланган эди. Ҳукумат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «давлат ҳокимияти органлари муассасаларида ва жамоат жойларида фуқаронинг шахсини аниқлаш имконини бермайдиган» кийимларни кийганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритди, бунда меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ёки тиббий кўрсатмаларга кўра юзни тўсадиган кийимлар бундан мустано.
2024 йил июнь ойида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «Тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунни имзолади, унда мамлакатнинг «миллий маданиятига ёт бўлган» кийимларни кийиш тақиқланади. Қонунга риоя қилмаслик жаримага тортишга олиб келади.
Ўзбекистонда 2023 йил ноябрь ойида жамоат жойларида шахсни аниқлаш имконини бермайдиган даражада юзи ёпиқ ҳолда бўлганлик учун жарима жорий этилган эди.