
Ўзбекистон Президенти фармони билан Президент Администрацияси раҳбари лавозими таъсис этилди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Бу лавозимга Саида Шавкатовна Мирзиёева тайинланди.
Саида Мирзиёева 2023 йил август ойидан буён Президент ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётган эди, бундан аввал эса 2022 йил ноябридан Президент Администрацияси ижро аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати сектори мудири лавозимида ишлаган. Бу сектор жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул бўлган Администрация раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжоновнинг тизими таркибига кирган.
Саида Мирзиёева — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси, Тошкент давлат юридик университети ва Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистри, иқтисод фанлари номзоди.
2019-2020 йилларда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари (уни Комил Алламжонов бошқарган), сўнгра Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари (кенгаш раҳбари ҳам Комил Алламжонов бўлган) лавозимида ишлаган.
Шавкат Мирзиёев 2023 йил август ойида Ўзбекистон Президенти Администрациясининг янги тузилмасини тасдиқлаган эди. Ўшанда Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилиб, Президент ёрдамчисининг яна 2 та лавозими жорий этилган, маслаҳатчилар сони 9 тадан 11 тага кўпайган ва бошқа ўзгаришлар бўлган.
Президент Администрациясининг аввалги раҳбари 2022-2023 йилларда Сардор Умрзоқов бўлган, у ҳозирда Президентнинг алоҳида топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишламоқда.