
Тошкент халқаро аэропортида жўнаб кетиш терминали (рўйхатдан ўтиш зонаси)да жойлашган Qo‘noq бренди остидаги капсулали меҳмонхонанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати.
«Энди йўловчилар ўз рейсларига рўйхатдан ўтишни кутиш чоғида ностерил зонада қулай дам олишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Мини-меҳмонхонада 4 та стандарт бир ўринли ва 2 та оилавий икки ўринли капсула мавжуд.
Ҳар бир капсула — шовқин изоляциясига эга индивидуал ёпиқ жой бўлиб, ортопедик матрасли ётоқ ва чойшаблар тўплами, индивидуал вентиляция, бошқариладиган ёритиш, қурилмаларни қувватлантириш учун розетка ва USB-портлар билан жиҳозланган.
Меҳмонлар қулайлиги учун шахсий сейф, кўзгу, кийим илгич ва соатли экран назарда тутилган. Капсулада оптимал микроиқлим сақланади, дейилади хабарда.
Стандарт капсула учун тарифлар унда ўтказилган соатлар сонига қараб 400 минг сўмдан 800 минг сўмгача, оилавий капсула учун эса 600 минг сўмдан 1 млн сўмгача этиб белгиланган.
«Капсулали меҳмонхона концепцияси транзит йўловчилар, шунингдек, бошқа ҳудудлардан ёки қўшни давлатлардан рейсдан бир неча соат олдин етиб келган йўловчилар учун ажойиб ечимдир», — дея таъкидлади «Uzbekistan Airports».
Эслатиб ўтамиз, «Qo‘noq» бренди остида «Тошкент» аэропортининг жўнаб кетиш залининг стерил зонасида иккинчи йилдирки меҳмонхона фаолият юритмоқда.