АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги урушга аралашди. БМТ авиазарбаларни қоралади

Якшанбага ўтар кечаси (2025 йил 22 июнь) АҚШ Эрондаги учта ядро объектига авиазарбалар берди. Шу тариқа, Америка ОАВлари, хусусан, AP агентлиги ёзишича, Қўшма Штатлар Исроилнинг Эрон ядро дастурини йўқ қилишга қаратилган урушига аралашди.

АҚШ президенти Дональд Трамп дастлаб ўзининг ижтимоий тармоғида ҳужумлар ҳақида хабар берди, кейинроқ миллатга мурожаат қилди. У Эроннинг асосий ядро объектлари «бутунлай ва тўлиқ йўқ қилинганини» айтди.

«Мақсадимиз Эроннинг уран бойитиш имкониятларини йўқ қилиш эди», — деди у.

Маълум қилинишича, АҚШ Фордодаги заводга зарба бериш учун 6 та ўта оғир бункерларга қарши бомбалардан фойдаланган. Бундай қурол биринчи марта қўлланилди. Бундан ташқари, сувости кемаларидан 30 га яқин «Томагавк» ракетаси учирилган.

Куни кеча Трамп Эронга зарба бериш ёки бермаслик ҳақида икки ҳафта ичида қарор қабул қилишини айтган эди. Унинг сайловолди ваъдалари хорижий можароларда иштирок этмасликни ҳам ўз ичига олган.

Ҳозирча АҚШ Эронга қарши 10 кундан бери уруш олиб бораётган Исроил билан бир қаторда Эронга ҳужум қилишни давом эттирадими ёки йўқми, номаълум.

Трамп Конгресс рухсатисиз ҳаракат қилди ва агар Теҳрон Америка кучларига жавоб қайтарса, қўшимча зарбалар берилишидан огоҳлантирди. «Ё тинчлик бўлади, ёки Эрон учун фожиа», — деди у.

Оқ уй раҳбари шунингдек: «Бу АҚШ, Исроил ва жаҳон учун тарихий лаҳза. Эрон энди урушни тўхтатишга рози бўлиши керак», деб ёзди.

Эрон Атом энергияси ташкилоти Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги уран бойитиш заводлари ҳужумга учраганини тасдиқлади. Шу билан бирга, у радиоактив ифлосланиш белгилари аниқланмаганини ва яқин атрофдаги аҳоли учун хавф йўқлигини маълум қилди.

Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи Теҳрон жавоб чоралари учун «барча имкониятларни сақлаб қолишини» айтди. Эрон Исроил ҳудудига зарба беришни давом эттирди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху Дональд Трампга миннатдорчилик билдириб, АҚШ «бошқа ҳеч бир миллат қила олмайдиган ишни қилганини» айтди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШнинг Эронга қарши ҳаракатларидан чуқур хавотир билдирди ва уларни хавфли эскалация ҳамда халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид сифатида баҳолади.

У вазият тез назоратдан чиқиб кетиши ва тинч аҳоли, минтақа ва бутун дунё учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

БМТ раҳбари барча аъзо давлатларни ташкилот низоми ва халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида ўз мажбуриятларига риоя қилишга чақирди ва деэскалация заруриятини таъкидлади.

«Ҳарбий ечим мавжуд эмас. Олға интилишнинг ягона йўли — дипломатия. Ягона умид — тинчлик», — деди Антониу Гутерриш. У шунингдек, «тартибсизлик спиралидан сақланишга» чақирди.

Исроил 2025 йил 13 июнь куни Эронга қарши ҳарбий операция бошлади ва бу мамлакат ядро қуроли яратишга яқин эканлигини ҳамда бу Исроил давлатининг «яшаб қолишига таҳдид» солишини айтди. Эрон бу айбловларни рад этади ва Исроил ҳудудига ракета зарбалари билан жавоб берди.

Вашингтоннинг Human Rights Activists инсон ҳуқуқлари гуруҳи маълумотларига кўра, Исроилнинг Эронга берган зарбалари натижасида камида 865 киши ҳалок бўлган ва 3396 киши яраланган. Ҳалок бўлганларнинг 363 нафари тинч аҳоли вакиллари эди. Исроил расмийлари Эрон томонидан қилинган ҳужумлар натижасида камида 25 киши ҳалок бўлгани ва 2500 дан ортиқ киши яралангани ҳақида хабар берган.