Ўзбекистон ҳудудларида ноқонуний диний мактабларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари аниқланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, икки ҳудудда ота-оналар томонидан ноқонуний диний мактабларга (ҳужраларга) ўқишга берилган болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари аниқланди.

Андижон вилоятида болалар тиббиёт маркази йирингли жарроҳлик бўлими навбатчи шифокори ички ишлар органларига мурожаат қилиб, шифохонага ётқизилган вояга етмаган беморнинг бадани ва бошида шилинган жойлар ва йирингли яралар борлигини маълум қилди.

Тезкор-тергов гуруҳи ҳодиса жойида текширув ўтказди. Маълум бўлишича, Андижон вилояти Асака туманидаги уйда 40 ёшли аёл 6 ой давомида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан бўлган вояга етмаган болани ноқонуний равишда диний таълим бериб келган.

Машғулотлар давомида у болани мунтазам равишда боши ва танасига ёғоч буюмлар ва зарядлаш кабели билан урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (Вояга етмаганга нисбатан қийноққа солиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Хоразм вилояти Хазорасп туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Бир аёл ва унинг қизи тегишли диний маълумотга эга бўлмай туриб, ўз уйида ҳужра ташкил этиб, у ерда 16 нафар вояга етмаган болани ноқонуний ўқитган. Улар ҳар бир боладан 1 миллион сўмдан олиб, «ўқиш»ни эплай олмаганларни мунтазам равишда калтаклашган.

Ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) бўйича баённомалар тузилиб, шунингдек, вояга етмаганларни қийноққа солиш бўйича жиноят иши қўзғатилди.

8 нафар боланинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик) бўйича маъмурий баённомалар тузилди.

Наманган вилояти Давлатобод туманида 68 ёшли маҳаллий фуқаро томонидан ноқонуний диний таълим бериш ҳолати аниқланди. У тегишли маълумотга эга бўлмай туриб, ўз уйида 8 нафар вояга етмаган болани диний таълимга ўқитган.

У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Болаларнинг ота-оналарига нисбатан ҳам болаларни тарбиялаш мажбуриятларини бажармаганликлари учун чоралар кўрилди.