
Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш имконияти жадал қисқармоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши ва аҳоли сонининг ўсиши туфайли минтақада аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув ҳажми пасайишда давом этади. Ўзбекистонда сув таъминоти инфратузилмасидаги ресурсларнинг йўқотилиши аллақачон 40−50% га етмоқда.
Шу фонда сув хавфсизлигини таъминлаш минтақа мамлакатлари учун асосий муаммога айланмоқда. Сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш учун қандай чоралар зарур? Инвестицияларни жалб қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш қандай амалга оширилади? Сув ресурсларини бошқаришда минтақавий ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш мумкин?
Бу саволлар IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги «Сув ресурсларининг камайиши: ечимлар, стратегиялар ва давлат устуворликлари» панел сессиясида муҳокама қилинди. «Газета» мухбири Сабина Давлетмурадова экспертларнинг асосий тезисларини тўплади, шунингдек, сув таъминотини модернизация қилиш соҳасида ишловчи компаниялар вакиллари билан сув секторининг устуворликлари ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
Ўзбекистонда сув тармоғидаги асосий муаммолар
Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг асоси бўлиб қолмоқда — унинг ҳиссасига бандликнинг қарийб 50% ва ЯИМнинг тахминан 25% тўғри келади. Иқтисодиётнинг бундай тузилмасида сув хавфсизлиги масалалари бутун мамлакатнинг барқарор ривожланиш масалалари ҳисобланади.
«Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев Ўзбекистоннинг трансчегаравий дарёларга кескин қарамлигини ва сувдан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятларини таъкидлади.
«Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатдир ва сув ресурсларининг 96% ичимлик суви таъминоти учун ишлатилмайди. Сувнинг атиги 4% ичимлик эҳтиёжлари учун мўлжалланган».
Бунда мавжуд сувнинг 86% трансчегаравий дарёлар орқали келадиган ер усти сувларидир. Уларга қарамлик катта, бу эса қўшимча хавфларни юзага келтиради.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. У 2 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги 20 та йирик лойиҳани қамраб олади. Яна 15 та лойиҳа тайёрлаш босқичида. 2040 йилгача тармоққа киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 4 миллиард долларга етиши мумкин. Аммо инвестиция портфелининг ўсиши билан ресурслар масаласи кескин кўндаланг бўлмоқда:
«Савол туғилади: уларни амалга ошириш учун сув етарли бўладими?» — дейди Хуршид Раҳматуллаев.
«Ўзсувтаъминот»нинг асосий вазифаларидан бири — сув йўқотишларини — ҳам техник, ҳам тижорат йўқотишларини қисқартиришдир. Ҳисобга олинмаган сув (non-revenue water) йўқотишлари бугунги кунда расмий маълумотларга кўра тахминан 30% ни ташкил этади, норасмий маълумотларга кўра эса ундан ҳам юқори, деди компания раиси ўринбосари.
«Биз буни яширмаймиз. Биз истеъмолчилар билан ишлашимиз керак, сув бепул эмаслиги, уни оқилона ишлатиш кераклигини тушунтиришимиз лозим».
«Ўзсувтаъминот» 2030 йилгача сув секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқди. Унинг мақсади — 5 йил ичида ичимлик суви таъминоти қамровини 80% дан 95% гача ошириш.
«Бу улкан вазифа. Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Бир неча ҳафтадан сўнг стратегияни мамлакат президентига тақдим этишни режалаштиряпмиз», — деди Хуршид Раҳматуллаев.
Жаҳон банкининг сув таъминоти ва санитария бўйича етакчи мутахассиси Одетт Дуарте-Мушимпуа Жаҳон банки «Ўзсувтаъминот»га 2030 йилгача аҳолини 95% ичимлик суви билан таъминлашга эришишда ёрдам бериш учун бошқа молия институтлари ва хусусий сектор билан ҳамкорлик орқали 1,7 миллиард долларгача инвестицияларни жалб қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Экспертнинг фикрича, жиддий муаммо инфратузилманинг катта етишмаслиги ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигининг пастлиги билан боғлиқ.
«Ўзбекистонда тахминан 7 миллион киши ишончли бошқариладиган сув таъминоти ва санитарияга эга эмас. Оқова сувларнинг атиги учдан бир қисми тозаланади ва фақатгина бир нечта шаҳарларда самарали ишловчи тозалаш иншоотлари мавжуд. Сув таъминоти қамрови ҳозирда тахминан 80% ни, оқова сувларни чиқариш бўйича эса атиги 30% ни ташкил этади. Нафақат қуриш, балки самарали бошқарув тизимини яратиш ҳам жуда муҳим».
Одетт Дуарте-Мушимпуа Ўзбекистонда Жаҳон банкининг сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш (канализация) хизматларини ривожлантиришга қаратилган, шунингдек, институционал қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган лойиҳаси амалга оширилаётганини эслатди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги асосий эҳтиёжлари орасида инфратузилмани ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва самарали молиялаштириш механизмини яратиш мавжуд.
Экспертнинг таъкидлашича, минтақада мавжуд сув ресурсларининг қисқариши — умумжаҳон тенденцияси бўлиб, Ўзбекистонда трансчегаравий қарамлик билан янада кучаймоқда. Суғориш ва сув қувурлари тизимларидаги сув йўқотишлари 40−50% га етиши мумкин, шунинг учун инфратузилмани модернизация қилиш ва сувдан фойдаланиш маданиятини ўзгартириш ҳам зарур.
«Ресурсларнинг қисқариши шароитида мамлакат сувнинг ярмини йўқотишга йўл қўя олмайди. Ҳар бир томчи самарали ишлатилиши керак».
Унинг сўзларига кўра, ўрта муддатли истиқболда, амалдаги инвестициялар ва ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон иқлим ўзгариши муаммоларига анча яхши тайёр бўлади.
«Мамлакат ислоҳотларга содиқлигини намойиш этмоқда, ҳукумат стратегияни аниқ белгилаб олган ва «Ўзсувтаъминот» кучли ҳамкорга айланган. Бу келажак учун яхши истиқболларни беради».
Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги дала вакили Ҳусан Ҳасановнинг фикрича, сув хавфсизлиги муаммоларини минтақавий контекстда кўриб чиқиш зарур.
«Трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, ГЭС ва аграр сектор эҳтиёжлари ўртасидаги рақобат, иқлим ўзгаришининг таъсири масалалари мавжуд», — деди у. — «Памир ва Тян-Шан тоғларидаги музликларнинг тез эриши узоқ муддатли сув таъминотига таҳдид солмоқда, қурғоқчилик ва сув тошқинлари тез-тез содир бўлмоқда».
Бундан ташқари, сувнинг 50% гача эски суғориш тизимларида йўқотилмоқда, сув талаб қилувчи экинлар, минтақавий сув ресурсларининг 90% ини истеъмол қилувчи экинлар қишлоқ хўжалигида устунлик қилишда давом этмоқда.
Ислом тараққиёт банки секторни бир неча йўналишда қўллаб-қувватлайди:
- инфратузилмани модернизация қилиш (суғориш, тозалаш иншоотлари);
- иқлим ўзгаришига чидамлиликни ривожлантириш (қурғоқчиликка чидамли экинлар, сув тошқинларидан ҳимоя);
- барқарор қишлоқ хўжалигини рағбатлантириш;
- маҳаллий жамоалар салоҳиятини ошириш. Банк портфелида минтақага 1,5 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар мавжуд. Шундан 320 миллион доллари Ўзбекистоннинг сув секторига йўналтирилган. Яна 200 миллион долларлик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда, деди Ҳусан Ҳасанов. «Сув секторини қўллаб-қувватлаш — Ўзбекистондаги стратегик устувор йўналишимиз», — дея таъкидлайди эксперт. Келажакдаги стратегия учун Ислом тараққиёт банки сув ресурсларини интеграциялашган бошқарувни ривожлантиришни, реал вақт режимида мониторингни жорий этишни, сиёсат ва меъёрий базани такомиллаштиришни, қўшма молиялаштиришни кенгайтиришни ҳамда инновацион ёндашувлар ва пилот лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни таклиф қилмоқда.
Хусусий сектор ва халқаро ҳамкорлар салоҳияти
Инвестициялар катализаторлик ролини ўйнаши керак, чунки улар сув ресурслари ва инфратузилма соҳасидаги барча эҳтиёжларни тўлиқ қондира олмайди. Шунинг учун ҳукумат сув хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бизнесни жалб қилиши керак, деди The Coca-Cola Company’нинг барқарор ривожланиш бўйича директори Шиа Флинн.
Suez компаниясининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича катта вице-президенти Силвер Делонэ сув инфратузилмасини ривожлантириш нафақат инвестицияларни, балки инсон капиталини ривожлантиришни ҳам талаб қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий муҳандис ва техник кадрларни тайёрлаш муҳим — фақат чет эллик мутахассисларга таяниб бўлмайди.
«Сув мураккаб тизим. Малакали муҳандислар ва техниклар керак. Ва муҳими — нафақат қуриш, балки бутун сув таъминоти занжирини бошқара олиш».
Suez компанияси сув таъминоти соҳасида ишлайди ва «Ўзсувтаъминот»нинг ҳамкори ҳисобланади. Тошкентдаги биринчи иш йилида Suez сув сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишга ёрдам берди, бу эса 25 миллион куб метр сув тежалишига имкон берди — бу 400 минг аҳолиси бўлган шаҳарнинг истеъмолига тенг.
«Асосий муаммо — фикрлашни ўзгартириш: нафақат сиёсий жиҳатдан белгиланган тарифни, балки сувнинг реал қийматини ва барча тегишли харажатларни — ишлаб чиқаришдан тортиб оқова сувларни тозалашгача — ҳисобга олиш муҳим», — дея таъкидлади Делонэ.
«Агар пулга ҳисобланса, бир куб метр ичимлик сувининг нархи тахминан 1 доллар бўлса, бу тахминан 25 миллион доллар тежашдир», — деди Делонэ.
Сиёсий ирода — аллақачон плюс, энди аниқ қоидалар керак
Almar Water Solutions вице-президенти Аранча Менсия хусусий инвесторларнинг бозорга кириши учун сиёсий ирода жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бу борада — президент ва мамлакат раҳбариятининг позицияси аниы. Бироқ, лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш учун тушунарли ўйин қоидалари муҳим.
«Пул бор — хусусий инвесторлар, халқаро банклар сармоя киритишга тайёр. Муаммо пулда эмас. Муаммо — тайёр лойиҳаларнинг йўқлигида ва хусусий компанияларга тушунарли тартибга солувчи йўналишлар ҳамда давлат томонидан мувофиқлаштириш кераклигида», — деди Менсия.
Нафақат инвестицияларни жалб қилиш, балки хусусий компанияларга тайёр ечимлар билан келиш имкониятини бериш ҳам муҳим. Аранча Менсия компания бундай иш моделини Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларида аллақачон синаб кўрганини қайд этди. «Классик тендерларда иштирок этиш ўрнига, биз мамлакатга тайёр лойиҳани таклиф қиламиз — худди ўша минтақалардагидек».
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сув секторининг асосий эҳтиёжлари орасида янги тозалаш иншоотлари қуриш, мавжуд тармоқларни реконструкция қилиш ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш мавжуд. У мамлакатнинг сув таъминоти тизимини 10 баллик шкалада «етти» баҳолади.
«Қийинчиликлар бор, лекин ҳукуматнинг тўғри қарашлари мавжуд ва халқаро агентликлар фаол иштирок этмоқда. Мен минтақа истиқболларига жуда оптимистик қарайман — ривожланиш фаол бўлади. Бизнинг лойиҳаларимиз 20−30 йилга мўлжалланган. Капиталдан ташқари, биз технологик экспертлик ва узоқ муддатли операцион ишончлиликни ҳам олиб келамиз. Аммо бунинг имкони бўлиши учун хусусий сектор ва давлат органлари яқин ҳамкорликда ишлаши керак».
У ижобий мисол сифатида Ўзбекистоннинг энергетика секторидаги муваффақиятларини келтирди, у ерда сўнгги йилларда давлат-хусусий шериклик (ДХШ)нинг самарали моделини яратишга эришилди Аммо сув секторининг ўзига хос хусусиятлари бор ва бу ерда алоҳида стратегия ва ягона мувофиқлаштирувчи орган керак.
Устувор чоралар қаторида Менсия аниқ тартибга солиш ва аниқ сиёсий мандатлар зарурлигини таъкидлади, бунда хусусий компаниялар тушунарли ва барқарор муҳитда ишлаши мумкин.
«Сув ресурсларининг камайиши — афсуски, муқаррар жараён. Биз бунга тайёр бўлишимиз керак. Технологиялар мавжуд — тузсизлантириш, сувни қайта ишлатиш. Илгари сув стресси 2050 йилга яқин кучаяди деб ўйлагандик, аммо ҳозир тушунамизки: бу олдинроқ содир бўлиши мумкин», — дея хулоса қилди.
Давлат, бизнес ва халқаро институтлар: сув хавфсизлиги учун ҳамкорлик
Бугунги кунда Ўзбекистонда кенг кўламли инфратузилма лойиҳалари, жумладан, сув ресурсларини бошқариш бўйича қонунчилик ва институционал база яратилган. Аммо айнан шу соҳада, экспертларнинг фикрича, мамлакат қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) секторида муваффақиятли босиб ўтган йўлни босиб ўтиши керак.
Шунга ўхшаш фикрни Synergy Consulting молиявий консалтинги ҳамкори Четан Капур ҳам билдирди. У ҚТЭМ секторида аниқ ривожланиш йўли борлигини, аммо сув масалаларида давлат янада кўпроқ иш қилиши кераклигини таъкидлади.
Бунда инвесторларнинг қизиқиши мавжуд. Сув таъминоти ва оқова сувлар сектори бугунги кунда инвестиция фондлари учун устувор йўналишлардан бири ҳисобланади: «TAQA Water Solutions, ALPERIA каби компаниялар сармоя киритишга истаги бор», — деди Четан Капур.
TAQA Water Solutions вакили Абдулваҳоб Шарифнинг фикрича, компаниялар сув тежовчи технологияларни жорий этгани учун рағбатлантирилиши керак. Эскирган инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий ечимлардан фойдаланиш зарур — масалан, сувнинг ҳар бир томчисининг йўлини кузатиш имконини берувчи сунъий интеллектга асосланган тизимлар. Тозаланган сувни қайта ишлатиш ҳам истиқболли йўналиш деб аталди — Абу-Дабида бундай ресурсларнинг улуши 80% га етади, Ўзбекистонда ҳам бунга салоҳият бор, деб ҳисоблайди у.
«Ўзсувтаъминот» бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев сув сектори индивидуал ёндашувни талаб қилишини қўшимча қилди. Тарифлар масаласи жуда нозик ва минтақа ҳамда аниқ лойиҳага боғлиқ. Унинг фикрича, Қорақалпоғистонда «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас, агар оила сув учун йилига 20 доллар тўласа, жиҳознинг нархи эса 200 доллар турса. Лойиҳалар хизматларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳаммабоплигини ҳам ҳисобга олиши керак.
Силвен Делонэ (Suez) шаҳарлар ва қишлоқ жойлари учун ечимлар турлича бўлиши кераклигини таъкидлади. Муҳими — бошқа соҳалар моделларини кўчирмаслик, балки узоқ муддатли ҳамкорликларни қуриш, локал компетенцияларни ривожлантириш, прагматик ёндашувга таяниш.
Жаҳон банки эксперт Одетт Дуарте-Мушимпуа хусусий шерикликлар ҳам давлатга, ҳам одамларга реал қадрият келтириши кераклигини таъкидлади. Инфратузилма маълумотлари, қоидаларнинг шаффофлиги билан ишлаш, шунингдек, хавфларни камайтириш учун молиявий кафолат механизмларидан фойдаланиш муҳим. Шу билан бирга, аҳолида сифатли хизмат учун тўлаш керак деган тушунчани шакллантириш зарур.
Бир иштирокчи қайд этганидек, тадқиқотлар шуни кўрсатади: айнан камбағал қатламлар ишончли сув таъминоти учун тўлашга кўпроқ тайёр бўлишади — аммо фақат бундай хизмат ҳақиқатан ҳам кўрсатилса.
Кўпчилик сессия иштирокчилари минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидладилар. Marco Polo Ventures стратегик ташаббуслар бўйича директори Сачдев Рамакришнанинг фикрига кўра, бирорта ҳам молия институти ёки давлат органи ёлғиз ўзи бу кенг кўламли муаммони ҳал қила олмайди.
«Ҳозирда Жаҳон банкининг сув ресурслари бўйича гуруҳи доирасида биз кўп томонлама платформа яратмоқдамиз. Бу шуни англатадики, ишга давлат тузилмалари, технологиялар ва молиялаштиришга эга хусусий компаниялар, шунингдек, маҳаллий жамоалар, масалан, маҳаллалар ҳам жалб қилинади. Иқлим ўзгариши ва аҳоли сонининг ўсиши шароитида барча томонлар сувдан фойдаланиш соҳасида умумий келажакни биргаликда шакллантириши муҳим».
Рамакришна минтақа келажагини эҳтиёткор оптимизм билан баҳолайди: «Агар ҳеч нарса қилинмаса, оқибатлар жиддий бўлади: қишлоқ хўжалиги зарар кўради, маҳсулот сифати пасаяди, бу эса аҳоли саломатлигининг ёмонлашишига ва мамлакат ЯИМнинг пасайишига олиб келади. Аммо сиёсий ирода ва жамиятнинг креативлигини ҳисобга олган ҳолда, муаммоларни ҳал қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Асосийси — бугунданоқ олдиндан ҳаракат қилиш ва сув ресурсларини бошқаришнинг адолатли тизимини қуриш, бунда ҳар бир киши учун сувдан фойдаланиш кафолатланади».