
АҚШ Давлат департаменти дунё бўйлаб Америка элчихоналари ва консулликларига F, M ва J тоифасидаги талабалик визаларини олиш бўйича суҳбатларни қайта бошлаш ҳақида фармойиш юборди, деб хабар беради CNN Давлат департаментининг дипломатик телеграммасига таяниб.
Давлат департаментининг янги кўрсатмаларига кўра, АҚШ дипломатик миссиялари ходимлари ариза берувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини «[Америка] фуқаролари, маданияти, ҳукумати, институтлари ёки асосий тамойилларига душманлик қилувчи; тан олинган террорчиларни ва АҚШ миллий хавфсизлигига бошқа таҳдидларни тарғиб қилувчи, ёрдам берувчи ёки қўллаб-қувватловчи; ёки ноқонуний антисемитик таъқиб ёки зўравонлик ҳаракатларини содир этувчи шахсларни аниқлаш» мақсадида текширадилар.
Текширувга «ариза берувчининг бутун онлайн мавжудлиги, нафақат ижтимоий тармоқлардаги фаолияти» киради. Бунинг учун консуллик бўлимларига ўзлари кириши мумкин бўлган ҳар қандай қидирув тизимлари, онлайн ресурслар ва маълумотлар базаларидан фойдаланишга рухсат берилган.
Ариза берувчилардан ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги профилларини оммавий қилишлари сўралади, «онлайн мавжудликка чекланган кириш ёки кўриниш муайян фаолиятдан бўйин товлаш ёки уни яшириш уриниши сифатида талқин қилиниши мумкин».
Янги текширув қоидалари «Қўшма Штатларга киришни хоҳловчи чет элликлар максимал текширувдан ўтишини ва АҚШга кириш шартларига риоя қилишини» таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда, дейилади телеграммада.
«Сиёсий фаоллик тарихига эга бўлган ариза берувчиларга нисбатан, айниқса у зўравонлик билан боғлиқ бўлса, сиз уларнинг Қўшма Штатларда бундай фаолиятни давом эттириш эҳтимолини ҳисобга олишингиз керак ва агар шундай бўлса, бундай фаолият улар мурожаат қилаётган ноиммиграцион виза тоифасига мос келадими», — дейилади телеграммада.
Ҳужжатда АҚШ элчихоналари ва консулликлари янги текширув қоидаларини 5 иш куни ичида жорий этиши кераклиги айтилади. CNN янги текширув стандартларини ҳисобга олган ҳолда, улар аввалгидек кўп визаларни қайта ишлай олишлари номаълумлигини таъкидлайди.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 2025 йил май ойи охирида ариза берувчиларнинг ижтимоий тармоқ аккаунтларини текширишни кенгайтириш режалари туфайли янги талабалик визаларини бериш бўйича суҳбатларни тўхтатган эди.
Халқаро таълим институти (Institute of International Education, IIE) ҳисоботига кўра, 2023–2024 ўқув йилида АҚШ олий ўқув юртларида 1,1 миллиондан ортиқ хорижий талаба таҳсил олган. Ўзбекистондан талабалар сони 1219 кишини ташкил этган.