
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон бўйлаб 2800 дан ортиқ автобус бекатларини танлаб текширди. Бунга фуқароларнинг мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар асос бўлди. Уларнинг аксариятида қоидабузарликлар аниқланди.
Ўрганиш якунлари бўйича Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига стандартларга мувофиқсизликларни бартараф этиш ва йўловчилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар юборилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Йўловчилар стандартларда назарда тутилган асосий қулайликларнинг йўқлигидан норози. Текширув қуйидаги камчиликларни тасдиқлади:
- 286 ҳолатда бекатларнинг уч томони тўсиқлар билан ёпилмаганлиги сабабли йўловчилар иссиқ ва совуқ ҳаводан ҳимояланмаган;
- 57 ҳолатда ёмғирли, қорли ва шамолли кунларда йўловчилар яшириниши мумкин бўлган павильон йўқ;
- 255 ҳолатда автобус маршрутлари рақамлари мавжуд эмас;
- 156 ҳолатда бекат номи кўрсатилган белги йўқ;
- 412 ҳолатда ёритиш тизими йўқ;
- 210 ҳолатда кутиш жойларида савдо шохобчалари жойлаштирилган;
- 387 ҳолатда пандуслар мавжуд эмас.
Давлат стандартлари ва Автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда багажни ташиш қоидаларига (Вазирлар Маҳкамасининг 482-сон қарори) мувофиқ, бекатлар хавфсиз ва қулай ёндашишни ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилиши ва жиҳозланиши керак. Асфальтланган майдончалар, асфальтланган йўлаклар, навеслар, пандуслар, кўрсаткичлар ва ёритиш тизими мавжуд бўлиши талаб этилади. Кутиш жойлари ичида савдо шохобчаларини жойлаштириш тақиқланади.
Қўмитанинг хабар беришича, бекатлардаги шароитлар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ҳам зид бўлиб, унга кўра истеъмолчилар сифатли ва хавфсиз хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.