Адлия вазирлиги тиббий кўрсатмаларга кўра боланинг жинси тўғрисидаги маълумотларни тузатиш ва исмини ўзгартириш нормаларига аниқлик киритди

Ижтимоий тармоқларда «жинсни ўзгартиришга рухсат берилди…», «энди жинсни ўзгартиришда фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш мумкин…» каби хабарлар тарқалди. Адлия вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қонунчиликка кўра, бола туғилганда унинг жинси ҳақидаги маълумотлар тиббиёт муассасаси томонидан берилган гувоҳнома асосида кўрсатилади.

«Бироқ ҳар йили Ўзбекистонда ўртача 5-6 нафар ноаниқ жинсли бола туғилади. Дастлабки текширувлар жинсни „ўғил бола“ ёки „қиз бола“ деб аниқлаши мумкин, аммо кейинчалик — 5-10 ёшда, баъзида эса 10-16 ёшдан кейин — боланинг қарама-қарши жинсга эга эканлиги маълум бўлади (масалан, „ўғил бола“ аслида „қиз бола“ ва аксинча). Бундай ҳолларда тиббиёт муассасасининг хулосаси асосида боланинг жинси тўғрисидаги маълумотларга тузатиш киритилади», — дея тушунтирди Адлия вазирлиги.

Бундай ҳолларда жинс ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш имконияти Оила кодексининг 229-моддасида назарда тутилган бўлиб, бу ҳуқуқий норма яқинда эмас, балки 1998 йил 1 сентябрдан буён амал қилмоқда, дея эслатди Адлия вазирлиги. Шу билан бирга, илгари норматив ҳужжатларда ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд эди.

«Масалан, 2008 йилда туғилган бола туғилган пайтда жинсини аниқлашнинг имкони бўлмагани учун ўғил бола сифатида рўйхатга олинган. Унга эркак исми берилган. Кейинчалик, бола 16 ёшга тўлганда, тиббий текширувлар унинг аслида қиз бола эканлигини кўрсатди. Тиббий хулосага кўра жинси тузатилди, бироқ фамилия, исм ва ота исмини аёл жинсига мувофиқ ўзгартириш имконсиз эди», — дея мисол келтиради Адлия вазирлиги.

Ушбу вазиятни бартараф этиш мақсадида 2025 йил 12 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 362-сонли қарори қабул қилинди, унга кўра тиббиёт муассасасининг хулосаси асосида жинс тўғрисидаги маълумотлар тузатилганда, боланинг фамилияси, исми ва ота исмини ҳам янги жинсига мувофиқ ўзгартиришга рухсат этилади.