
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича суди 2025 йил 16 июнь куни собиқ депутат Қобул Дусовга нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов.
Биринчи инстанцияда ишни кўриб чиққан судья А. Мирзаханов Дусовни Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топди:
- ЖК 139-моддаси 3-қисми «а» банди (туҳмат, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаш билан боғлиқ ҳолда);
- ЖК 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилиш);
- ЖК 237-моддаси 2-қисми «г» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, била туриб ёлғон хабар бериш).
Иш бўйича жабрланувчилар сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) котибияти раҳбари Жамшид Шамшиев, вазирликнинг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс-назорат хизмати бошлиғи Баҳодир Мадраҳимов, ММТВ Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова, Чирчиқ шаҳар ИИБ пробация бўлими катта инспектори ва яна бир шахс (Алишер Бухоров ва Ғафур Орипов) қатнашди.
Илгари чиқарилган ҳукмларни инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 59 ва 61-моддалари (бир неча жиноят содир этганда жазо тайинлаш ва уларни қўшиш) асосида суд Қобул Дусовга узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Тайинланган жазо қисман Арнасой туман судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳукми билан белгиланган муддатни ўз ичига олади.
Судья, шунингдек, Қобул Дусовнинг Facebook ва Telegramдаги профилларини блоклашга, томонларга моддий ва маънавий зарарни фуқаролик тартибида ундириш ҳуқуқини тушунтиришга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 22 ноябрда Чилонзор туман суди Дусовни ЖК 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилиш) бўйича айбдор деб топиб, 1 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаган эди. Иш бўйича жабрланувчи Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев бўлган.
2025 йил 24 январда Яшнобод туман суди ўталмаган муддатни (11 ой 2 кун) озодликдан маҳрум қилишга, жазони колония-поселениеда ўташга алмаштирган. Хабар қилинишича, у тақиқ ва огоҳлантиришларга қарамай, интернетдан фаол фойдаланишда давом этган.
Ўша куни Арнасой туман суди Дусовни таълим соҳасининг 4 нафар ходимини туҳмат қилиш ва ҳақоратлашда айблаб, 1 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
2025 йил 11 мартда Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси бу қарорни ўзгаришсиз қолдирди.