Россия Ўзбекистонда битта йирик ва битта кичик АЭС қуриши мумкин

Ўзбекистонда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси иштирокида АЭС қурилиши лойиҳаси кенгайтирилди. Фақат кичик эмас, балки йирик АЭС қурилиши ҳам режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги хабар берган эди, бироқ кейинчалик ушбу хабар ўз пресс-релизидан олиб ташланди.

«2024 йили кичик қувватли атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга ошириш бошланган эди. 2025 йилда давлат раҳбарлари даражасидаги келишувлар натижасида лойиҳани қайта форматлаш тўғрисида қарор қабул қилинди — гап икки блокдан иборат йирик қувватли станция ва икки блокдан иборат кичик қувватли станция қуриш ҳақида кетмоқда», — дея вазирлик хабаридан иқтибос келтирган ОАВ.

РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг 2025 йил 12 июндаги хабарида айтилишича, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва унинг ўринбосаси Дмитрий Вольвач Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлашни ошириш бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши доирасида учрашган.

Россия ОАВ ҳам АЭС қурилиши ҳақидаги хабарни қайта чоп этишди, аммо баъзилари кейинчалик бу ҳақдаги материалларни ўчириб ташлади.

Тарих

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йил октябрь ойида мамлакатда йирик АЭС қурилиши 2040 йилгача амалга оширилиши мумкинлигини айтган эди. 2025 йил март ойида «Ўзатом» директори Азим Аҳмедхўжаев Ўзбекистонга электр энергиясига бўлган талабни қоплаш учун йирик қувватли атом станциялари зарурлигини таъкидлаган эди. У Ўзбекистон Миллий университети профессори Исобек Ҳолбоевнинг талабни тўлиқ қоплаш учун тўртта йирик АЭС кераклиги ҳақидаги фикрига қўшилди.

«Йиллик истеъмол тенденциялари ва ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, ҳа, буларнинг барчаси учун катта АЭС қуриш керак», — дея таъкидлади Аҳмедхўжаев ва 2 та энергоблокдан иборат йирик АЭСнинг нархи тахминан 6 миллиард долларни ташкил этишини қўшимча қилди.

2025 йил 24-25 март кунлари «Росатом» ва «Ўзатом» йирик АЭСни барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари масаласини кун тартибига киритди. Ўша ой охирида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги йиғилишда йирик қувватли атом электр станциясини жойлаштириш ва қуриш масаласи муҳокама қилинган эди.

«Росатом» корпорацияси раҳбари Алексей Лихачёв 2025 йил апрель ойи охирида «агар эмас, балки қачон Ўзбекистон раҳбарияти катта АЭС қуриш масаласига қайтса, бизда аллақачон тайёр таклифлар бор», — деган эди.

Эслатиб ўтамиз: Қозоғистон ҳам АЭС қуришни режалаштирмоқда, аммо бунинг учун ҳамкор танлов орқали танланди. Яқинда хабар берилишича, «Росатом» ғолиб деб топилган, у биринчи АЭС қурилиши учун халқаро консорциумга бошчилик қилади. Хитойнинг CNNC иккинчи АЭС қурилиши бўйича консорциум раҳбари бўлади. Музокаралар тўртта реактор технологиялари етказиб берувчилар: «Росатом» (РФ), CNNC (Хитой), EDF (Франция) ва KHNP (Жанубий Корея) билан «очиқ ва рақобатли мулоқот усули» орқали олиб борилди, дея хабар берди Қозоғистон Атом энергияси агентлиги.