
«Юксалиш» ҳаракати аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказди, дея хабар берди ҳаракат матбуот хизмати.
Қайд этилишича, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 2017 йилдаги 63,7%дан 2024 йилда 81%га ошган. Бу даврда 9000 км дан зиёд сув қувурлари тармоқлари таъмирланди, 2024 йил охирига келиб ичимлик суви ишлаб чиқариш объектлари сони қарийб 11 мингтага етди. 2017–2024 йилларда 9 миллион киши илк бор тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Мониторинг доирасида бутун мамлакат бўйлаб 101 та маҳаллада давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган 99 та лойиҳа ўрганилди.
«Ўзсувтаъминот» АЖ маълумотига кўра, 99 та объектдан 67 тасида ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилган, қолган 32 тасида эса қурилиш давом этмоқда. Аммо «Юксалиш» расман якунланган 67 та объектдан 23 тасида ишлар тўлиқ бажарилмаганини аниқлади.
Объектларни расмий топшириш
Андижон вилояти Асака туманидаги «Эргашобод» ва «Олақанот», шунингдек, Шахрихон туманидаги «Бобочек» маҳаллаларида қурилиш ишлари якунланмаган.
Бутун мамлакат бўйлаб 28 та маҳаллада объектлар белгиланган муддатларда топширилмаган ёки барча ишлар якунланмасдан топширилган. Масалан, Чуст туманида (Наманган вилояти) янги қурилган уйларда канализация монтажи якунланмаган, Урганчда эса ишлар тугамасдан хонадонлар аҳолига топширилган.
Гулистон шаҳри (Сирдарё вилояти) «Бахт», «Истиқлол», «Аҳиллик» маҳаллаларида канализация тармоқлари топширилган, аммо ишламаяпти.
Қурилиш муддатлари ва сифатининг бузилиши
9 та маҳаллада ишлар сифатсиз бажарилгани аниқланди. Жиззахдаги «Улуғбек» ва «Қалия» маҳаллаларида сув минорасининг темир қопламаси сифатсиз материаллардан тайёрлангани, миноранинг пастки қисми кичик бўлгани сабабли хавфсизлик нормаларига мос келмаслиги аниқланди.
Наманган вилояти Чуст тумани «Гулзор» маҳалласида янги қурилган уйлардаги канализация ёқимсиз ҳид ва техник носозликларни келтириб чиқармоқда. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 20 км канализация тармоқлари муддатлар ва нормалар бузилган ҳолда қурилган.
Сув бор – аммо доим ҳам эмас ва ҳамма жойда ҳам эмас
15 та маҳаллада лойиҳалар доирасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланганига қарамай, сув таъминоти ва канализация тўлиқ йўлга қўйилмаган ёки сув етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда.
Масалан, Жиззах вилояти Арнасой тумани «Зарафшон» маҳалласида 2024 йилда сув иншооти қурилган, 7 та кўп қаватли уйга (жами 70 хонадон, қарийб 500 аҳоли) ичимлик суви тортилган, бироқ бу маҳаллада ичимлик суви уч кунда бир марта ярим соатга берилади, 7 та икки қаватли уйда эса сув иккинчи қаватгача чиқмайди.
Навоий вилояти Нурота тумани «Деҳибаланд» маҳалласининг 3 та кўчасида, шунингдек, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Мирзо Улуғбек», «Нурафшан», «Янги ҳаёт» ва «Лутфикор» маҳаллаларида сув фақат муайян соатларда берилади.
«Юксалиш» ҳаракатининг тавсиялари:
- ҳудудлардаги муҳандисларни қурилиш нормаларига мувофиқ ўқитиш;
- объектларни қабул қилишда мутахассислар ва жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлаш;
- очиқ ҳисобот тизимини жорий этиш;
- барча хонадонларни қамраб олиш учун замонавий технологиялар ва дастурий таъминотдан фойдаланиш;
- лойиҳаларни режалаштириш ва амалга оширишда хорижий тажрибани қўллаш.
Янги сув таъминоти тармоқлари ётқизилаётган маҳаллалар аҳолисини иш сифатини назорат қилишга жалб қилиш пудратчиларнинг масъулиятини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олишнинг энг яхши усули экани айтилганди.