Қўқонда бир гуруҳ эркаклар “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг яширин ячейкасини тузишда айбланмоқда

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида бир гуруҳ эркаклар тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг яширин ячейкасини тузишда гумон қилинмоқда, дея хабар берди Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати.

Ячейкани тузишда аввалроқ Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш ҳамда диний ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этиш учун 9 йил муддатга қамоқ жазосини ўтаган 63 ёшли фуқаро гумонланмоқда.

Хабар қилинишича, у 1965-1971 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар фуқарони ўз сафига қўшган. Улар орасида аввал тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этгани учун судланган 49 ёшли фуқаро ҳам бор. У 2024 йил апрель ойида 23 йиллик қамоқ муддатини ўтаб озодликка чиққан. Бундан ташқари, гуруҳ таркибида фирибгарлик учун аввал судланган шахс ҳам бўлган.

Иш материалларига кўра, 2024-2025 йилларда гуруҳ аъзолари Қўқондаги чойхона ва кафеларда учрашувлар ўтказиб, у ерда “Ҳизб ут-Таҳрир” ғояларини Ўзбекистонда жорий этиш, “халифалик” тузиш режаларини муҳокама қилган, шунингдек, диний фанатизм ғояларини қўллаб-қувватлаган, дейилади хабарда.

Telegram’даги ёпиқ каналга обуна бўлиб, гуруҳ аъзолари мунтазам равишда “Ҳизб ут-Таҳрир” материаллари билан танишганлар, дея қайд этди ДХХ.

Эркакларга нисбатан Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва намойиш этиш) ва 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Айбланувчилар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.