
2025 йил 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрондаги нишонларга, жумладан, ядро объектлари ва мамлакат ҳарбий қўмондонлигига зарба берди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қилинган ҳужумни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) операцияси “Кўтарилаётган шер” деб номланган ва унинг мақсади — яҳудий давлатининг мавжудлигига таҳдид солувчи Эрон хавфининг олдини олиш.
“Биз Эрон ядро дастурининг юрагига зарба бердик. Биз Натанздаги асосий уран бойитиш объектини нишонга олдик. […] Биз, шунингдек, Эроннинг баллистик ракеталар яратиш дастурининг юрагига ҳам зарба бердик”, — деди Нетаньяху видеомурожаатида. Унинг қўшимча қилишича, Эрон ядро олимларига ҳам зарба берилган.
Операция Эрон томонидан келаётган “таҳдидни бартараф этиш учун зарур бўлганча” давом этади, дея таъкидлади Исроил Бош вазири.
Эрон ОАВ мамлакат бўйлаб, жумладан, Натанзда портлашлар содир бўлганини хабар қилди. New York Times маълумотларига кўра, Исроил Теҳрон атрофидаги камида 6 та ҳарбий базага, шунингдек, Теҳрондаги бир нечта турар-жой биноларига ҳужум қилган.
ЦАХАЛ зарбалар бериш учун Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг 200 та қирувчи самолёти жалб қилинганини хабар қилди. Жами 100 дан ортиқ нишонга зарба берилган.
ЦАХАЛ маълумотларига кўра, ҳужум натижасида Эроннинг 3 нафар юқори мартабали ҳарбий қўмондони ҳалок бўлган:
- Муҳаммад Боқирий — Эрон қуролли кучлари Бош штаб бошлиғи;
- Ҳусайн Салами — Ислом инқилоби гвардияси корпуси қўмондони;
- Ҳатам-Ғулом Али Рашид — Ҳатам ал-Анбия (фавқулодда вазиятлар штаби) қўмондони.
Tasnim агентлиги шунингдек, 6 нафар эронлик ядро олими — Абдулҳамид Минушер, Аҳмадризо Зулфагари, Амирҳусайн Феки, Муталлеб Близаде, Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ва Фаридун Аббосий ҳам ҳалок бўлганини хабар қилди.
Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Эрон расмийларига таяниб, Натанздаги корхонага зарба берилганини тасдиқлади, бироқ радиация даражасининг ошишини қайд этмаган.
Бошқа ядро объектлари, жумладан, Фордодаги уран бойитиш корхонаси, Исфахондаги объект, шунингдек, Бушердаги атом электр станцияси зарар кўрмаган, дея маълум қилди МАГАТЭ.
Исроил ҳужумига жавобан Эрон сўнгги соатларда Исроил томонга 100 га яқин дрон учирди, дея хабар берди ЦАХАЛ. Улар Исроил ҳарбийлари уларни тутиб қолиш устида ишлаётганини таъкидлашди.
Исроилда Эрон томонидан эҳтимолий жавоб сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Таълим муассасалари ишламаяпти, корхоналар фаолияти тўхтатилган. Мамлакат ҳаво ҳудуди ёпилган. Эрон ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпди.
Бир қатор авиакомпаниялар, жумладан Қатарнинг Qatar Airways ва Германиянинг Lufthansa авиакомпаниялари Яқин Шарқ мамлакатларига/дан рейсларни бекор қилди.
Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилни Эрон ҳудудига зарба бергани учун “қаттиқ жазо” билан огоҳлантирди. “Бу жиноят билан сионистик режим ўзига аччиқ ва азобли тақдирни тайёрлади – ва у, шубҳасиз, уни олади”, — дейилади Хоманаий баёнотида.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам АҚШни Исроилга ёрдам берганликда айблаб, бундай зарбалар “Қўшма Штатлар билан мувофиқлаштирмасдан ва рухсатсиз амалга оширилиши мумкин эмасди” деб билдирди. “АҚШ ҳукумати ҳам бу бепарво эскалациянинг хавфли оқибатлари учун жавобгар”, — дейилади вазирлик баёнотида.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил Эронга ҳужумни “бир томонлама” амалга оширганини билдирди. “Биз Эронга қарши зарбаларда иштирок этмаяпмиз ва бизнинг асосий устувор вазифамиз минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилишдир”, — деди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин Вашингтон дипломатик ечимга умид қилаётганини ва Исроилни Эронга зарба бермасликка чақирган эди.
Зарбалардан сўнг Трамп Fox News’га берган интервьюсида Тел-Авивнинг режаларидан хабардор бўлганини айтди, аммо дипломатик ечимга умид билдирди.
“Эронда атом бомбаси бўлиши мумкин эмас ва биз музокараларга қайтишга умид қиламиз. Кўрамиз”, — деди Трамп. АҚШ Эроннинг жавоб ҳаракатларини кутмоқда ва ўзини ҳам, Исроилни ҳам ҳимоя қилишга тайёр, дея қўшимча қилди у.
2025 йил 15 июнь куни Уммонда АҚШ ва Эрон ўртасида Эрон ядро дастури бўйича навбатдаги музокаралар раунди бўлиб ўтиши керак эди. Учрашув ҳозир ўтадими ёки йўқми, ҳозирча ноаниқ.