Рақобат қўмитаси YandexGo UBга нисбатан иш қўзғатилганини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси YandexGo UBга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун талабларини бузиш аломатлари бўйича иш қўзғатилганини маълум қилди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.

Иш Uzum Market‘нинг мурожаатига асосан очилган бўлиб, унга кўра YandexGo UB Yandex Market ҳақидаги реклама ролигида телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали Uzum Market’га нисбатан “инсофсиз рақобат ҳаракатларини амалга оширмоқда” ва “унинг ишчанлик обрўсига зарар етказмоқда”.

Иш рақобат тўғрисидаги қонуннинг 21-моддаси талабларини бузганлик учун қўзғатилган. Бу модда рақобатчини обрўсизлантириш, нотўғри таққослаш, истеъмолчиларни чалғитиш ва бошқа ҳаракатларни тақиқлайди.

Қўзғатилган ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича қўшимча маълумот берилишини қўмита маълум қилди.

Гап кетаётган роликда Uzum (ўзбек тилидан таржима қилинганда — узум) номи тилга олинмаган, аммо актёр узумни кўрсатган.

Uzum Market эса, ўз навбатида, иккала маркетплейснинг номи тилга олинмаган, аммо қаҳрамонлар кийимининг рангига қараб, бу қандай хизматлар эканлигини тахмин қилиш мумкин бўлган ролик чиқарган эди.