Рустам Азимов — Ўзбекистонда фискал сиёсат ва бюджет тақчиллиги ҳақида

Молия вазирининг собиқ ўринбосари, ҳозирда “Ўзбекинвест” суғурта компанияси раҳбари Рустам Азимов 2025 йил 9 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Словакия бизнес-форуми доирасида Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган юқори бюджет тақчиллиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Азимовнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда 4-5,5% ни ташкил этаётган бюджет тақчиллиги юқори, аммо асосли.

“Бир томондан, 5,5-6% дефицит жуда кўп. Лекин бу дефицит нима ҳисобига юзага келмоқда? Бизда инфратузилма эскирган: йўллар, электр тармоқлари, коммунал тармоқлар, транспорт. Уларни янгиламасдан иқтисодиёт ривожланмайди. Шунинг учун ҳукуматимиз бу масалаларни ҳал қилиш учун хориждан кредитларни фаолроқ жалб қилишга мажбур бўлди. Уларни ҳал қилмасдан туриб, иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлаш жуда қийин бўлади”, — деди Азимов.

У, шунингдек, фискал (бюджет) сиёсатидаги муҳим ўзгаришларга, жумладан, даромад солиғини 24%дан 12%гача ва ҚҚСни 20%дан 12%гача камайтиришга эътибор қаратди.

“Даромад солиғи ва ҚҚСнинг камайтирилиши бюджет учун катта йўқотишларга олиб келди дейиш мумкин. Аммо бу аҳоли ва иқтисодиёт учун жиддий кўмак бўлди. Қоида бор: агар сиз солиқ юкини камайтирсангиз, солиқ тўловчилар сони ортади, бизнес “қора” зонадан “оқ” зонага ўтади. Бизга омад кулиб боқди, чунки халқаро бозорларда олтин ва асосий хомашё маҳсулотларимиз нархи юқори“, — дея таъкидлади.

Азимов бу фурсатдан ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун фойдаланиш кераклигини қўшимча қилди.

“У бизга нима учун керак? Биринчидан, бу янги иш ўринлари, иккинчидан — экспорт салоҳиятининг ўсиши, учинчидан — импортга қарамликни камайтириш ва тўртинчидан — бюджетга қўшимча даромадлар. Ушбу даромадлар ҳисобидан бюджет тақчиллигини қисқартириш мумкин бўлади”.

Азимов кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш долзарб вазифа бўлиб қолаётганини, айниқса, демографик ўсишни ҳисобга олган ҳолда таъкидлади.

“Мамлакатда ҳар йили тахминан бир миллион киши туғилмоқда. Бу шуни англатадики, ҳар йили меҳнат бозорига камида 650-750 минг киши кириб келмоқда. Аммо уларни иш билан таъминлашга қодир йирик корхоналар йўқ. Одамлар кичик ва ўрта бизнесда ўзларини намоён этадилар. Шунинг учун ҳозир улар учун янги имкониятлар яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қадамлар айниқса долзарбдир”, — деди иқтисодчи.

2024 йил декабрь ойида депутатлар вазирлик ва идоралар харажатларини муҳокамалар ва тушунтиришларсиз 9,98 триллион сўмга (775,8 миллион доллар) оширишни маъқулладилар. Бу, шунингдек, ташқи қарз олиш лимитини 5 миллиарддан 7,3 миллиард долларгача оширишга олиб келди. Бундан 3,2 миллиард бюджет тақчиллигини молиялаштиришга, 4,1 миллиард эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилди.

2023 йил якунларига кўра, консолидациялашган бюджет тақчиллиги лимити 3%дан 5,5%гача оширилган эди, чунки ҳукумат харажатлар доирасига сиғмаган.

2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,22 миллиардга – 42,4 миллиард долларгача ошди. Қарзлар асосан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган. Жаҳон банки энг йирик кредитор бўлиб қолди. Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иқтисодиётнинг ўсиши инвестицияларни талаб қилишини ва харажатларнинг бир қисми ташқи қарз ҳисобидан қопланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, қарз ўртача даражада қолиб, инфратузилма, ижтимоий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилган. “Бунда ҳеч қандай уятли ва муаммоли жойи йўқ”, — деди у.

2021 йил октябрь ойида Рустам Азимов ЎзА учун сўнгги 30 йил ичидаги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотлар ҳақида катта мақола ёзган эди. Бу унинг 2017 йил июнь ойида бош вазир ўринбосари лавозимидан кетганидан кейин ОАВдаги илк чиқиши эди. У 1998-2000 ва 2005-2016 йилларда молия вазири лавозимида ишлаган.