Ўзбекистон ТИВ Россияга меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари бузилиши юзасидан нота йўллади

2025 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан миграция масалалари бўйича навбатдаги ойлик учрашув бўлиб ўтди.

ТИВ матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон томони “Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолларда рухсатсиз текширувлар, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурматсизлик ва қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар хавотир уйғотмоқда” дея қайд этди.

Аввалроқ Москвада ОМОН ходимлари Строгино туманидаги Мудофаа вазирлиги объектларидан бирида жойлашган меҳнат мигрантлари ётоқхонасида “қаттиқ” рейд ўтказган эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қўпол муносабатда бўлган: эркакларни хоналардан ҳайдаб чиқарган, кечикиб чиққанларни эса тепки ва муштлар билан туртган. Ёзувда мигрантларга нисбатан ҳақоратлар ҳам эшитилади.

“Биз бундай ҳолатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга мутлақо мос келмаслигини ва уларнинг олдини олиш учун аниқ чоралар зарурлигини таъкидладик”, — дейилади хабарда.

“Ўзбекистон Республикаси хорижда истиқомат қилаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўз устувор вазифаси деб билади”, — дея таъкидлади ТИВ.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам ушбу масала бўйича тегишли дипломатик каналлар орқали Россия томони билан мулоқот олиб бормоқда.

“Ўзбекистон томони барча фуқаролар учун халқаро ҳуқуқ нормалари ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради”, — дея баёнот берди вазирлик.

“Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақирамиз”, — дейилади хабарда.

Вазирликнинг хабар беришича, Ўзбекистон элчихонаси Москвадаги вазият юзасидан Россия ТИВга нота юборган бўлиб, унда ҳолатга изоҳ бериш ва куч ишлатар идора вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

Нотада содир бўлган вазият инсон ҳуқуқларининг очиқдан-очиқ бузилиши эканлиги, бунга йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланган.

“Ўзбекистон Республикаси ТИВ ушбу масалани доимий назоратда ушлаб туради ва зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўришда давом этади”, — дея якунлади вазирлик.

2025 йил май ойида Ўзбекистон ТИВ Россия элчиси билан учрашувда РФда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайгани масаласини кўтарган эди.