Ўзбекистон Миграция агентлиги Москвадаги мигрантларга қарши рейддан хавотир билдирди (видео)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Москвадаги рейд чоғида хорижий фуқароларга, шу жумладан, эҳтимол, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақидаги хабарлардан “афсусда ва хавотирда” эканини билдирди.

Россия ҳудудида вақтинча меҳнат қилаётган хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини текшириш бўйича тадбирлар давомида ОАВ Росгвардия ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақида хабар берди.

“Россия Федерацияси ҳукумати ва йирик иш берувчилар томонидан Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишга уюшқоқлик билан жалб этишга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ошиб бораётган бир пайтда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг айрим вакиллари томонидан хорижий фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари афсус ва хавотир уйғотади”, — дейилади агентликнинг 9 июндаги хабарида.

Вазият Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг РФдаги ваколатхонаси назоратида. Идора Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан расмий маълумот кутмоқда.

Агентлик куч ишлатар тузилмалар ҳаракатлари натижасида жабр кўрган бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистон фуқароларини зудлик билан юридик ва консуллик ёрдами учун мурожаат қилишга чақирди. Хусусан, бу тан жароҳатлари етказилган, ҳуқуқлари бузилган ёки бошқа ҳуқуқий муаммолар юзага келган ҳолатларга тааллуқлидир.

Боғланиш учун алоқалар: +7 925 045-47-44, Telegram: @pomoshrussiamigrant, @huquqiy_yordam_uzbot

Ўзбекистон томонининг муносабатига сабаб бўлган воқеа Москвада содир бўлган эди. “База” Telegram-канали хабар беришича, ОМОН ходимлари Строгино туманидаги Мудофаа вазирлиги объектларидан бирида жойлашган меҳнат мигрантлари ётоқхонасида “қаттиқ” рейд ўтказган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қўпол муносабатда бўлган: эркакларни хоналардан ҳайдаб чиқарган, кечикиб чиққанларни эса тепки ва муштлар билан туртган. Ёзувда мигрантларга нисбатан ҳақоратлар ҳам эшитилади.

Текширув натижасида 5-6 киши ҳибсга олинган, уларнинг миграция режими қоидаларини бузганлиги айтилмоқда. Улар ҳолатни аниқлаш учун полиция бўлимига олиб борилган. “База” маълумотига кўра, ҳибсга олинганлар орасида кейинчалик депортация қилинган икки нафар Тожикистон фуқароси ҳам бор.

Аввалроқ Санкт-Петербургда ҳам рейд ўтказилган эди. 2025 йил 3 июндан 4 июнга ўтар кечаси 200 га яқин хорижий фуқаро “Красный Текстилщик” кўчасидаги Ягона ҳужжатлар маркази (ЯҲМ) биноси ёнида кўчада тунаб қолган. “Бумага” нашри гувоҳларга таяниб хабар беришича, оммавий полиция рейдлари туфайли ҳужжат топширишга улгурмаган одамлар асфальтда тунаб қолишган.

Мигрантлардан бирининг сўзларига кўра, “бизни қўйлардай ерда ёки тик ҳолда ушлаб туришибди”. Навбат меҳнат миграцияси масалалари бўйича бўлим биноси ёнидаги тор кўчада ҳосил бўлган. Одамлар очиқ осмон остида, сув олиш ёки “қафасдан” (ЯҲМ ҳудудининг бир қисми ўралган темир тўсиқлар ва панжаралар) чиқиш имкониятисиз тунаб қолган. Бу ерда камида 2 та шундай сектор — эркаклар ва аёллар учун алоҳида бўлган.

Полиция маълумотига кўра, хорижликлар оммавий тўпланадиган жойларда, жумладан, миграция хизматлари ва қурилиш майдонларида ўтказилган тадбирлар натижасида 200 дан ортиқ киши олиб келинган. Уларнинг аксариятига маъмурий қоидабузарликлар учун жарималар тайинланган, яна 30 нафар хорижликка мамлакатни тарк этиш зарурлиги тўғрисида хабарнома берилган.

Санкт-Петербургдаги Ягона ҳужжатлар маркази — хорижий фуқаролар ишлаш учун патент, вақтинча яшаш рухсатномаси (ВЯР), яшаш гувоҳномаси (ЯГ) расмийлаштирадиган ва Россия фуқаролигини оладиган асосий муассаса. Охирги ойларда ижтимоий тармоқларда бу марказда соатлаб навбатлар, кўчада тунаб қолиш ва мигрантларга нисбатан номақбул муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

2025 йил май ойи бошида Ўзбекистон ТИВ Россия элчиси билан учрашувда РФда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайгани масаласини кўтарган эди. Тошкент Россия томонини бу ҳолатларни ваколатли органларга етказишга чақирган.