
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Mobiuz (Universal Mobile Systems МЧЖ) уяли алоқа оператори устав фондидаги 100% давлат улушини хусусийлаштириш бўйича очиқ халқаро жараён бошланганини эълон қилди.
Битим бўйича етакчи стратегик ва молиявий маслаҳатчи сифатида Rothschild & Co халқаро инвестиция банки жалб қилинди. KPMG компанияси хусусийлаштириш бўйича молиявий маслаҳатчилик ва молиявий, солиқ ҳамда юридик экспертиза (vendor due diligence) хизматларини кўрсатади. Deloitte халқаро компанияси Mobiuzга мустақил баҳо беради.
2024 йил якунларига кўра, Mobiuz 2,1 триллион сўм миқдорида соф даромад олди. Абонентларнинг умумий сони 7,8 миллион кишини ташкил этди.
Давлат улушини сотиш рақобат асосида ўтказилади. Хусусийлаштириш маҳаллий ва халқаро миқёсдаги барча манфаатдор шахслар учун очиқ, дейилади хабарда.
Савдо жараёни уч босқичда ташкил этилади:
- қизиқиш билдириш;
- мажбуриятсиз таклифларни йиғиш;
- мажбуриятли таклифларни йиғиш.
Қизиқиш билдириш учун аризалар 2025 йил 1 август соат 18:00 гача қабул қилинади.
Давлат улушига даъвогарлар бир нечта мезонлар бўйича баҳоланади, жумладан, сотиб олиш учун етарли молиявий ресурсларнинг мавжудлиги, ҳар қандай суд, маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа иш юритиш жараёнларининг йўқлиги.
Бундан ташқари, номзодлар, консорциум аъзолари, акциядорлар ва бошқа аффилланган иштирокчилар давлат компаниялари бўлмаслиги, шунингдек, халқаро санкциялар остида бўлмаслиги ёки санкциялар рўйхатига киритилган шахслар билан боғлиқ бўлмаслиги керак.
ДАБА жадвални ўзгартириш, битимдан воз кечиш ёки сабабларни тушунтирмасдан музокараларни тўхтатиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолди.
Universal Mobile Systems компанияси 2014 йилда Россиянинг МТС (50,01%) ва Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази (49,99%) ўртасида, 2012 йил ёзида лицензияси қайтариб олинган МТСнинг собиқ шўъба корхонаси “Ўздунробита”га тегишли бўлган инфратузилма асосида қўшма корхона сифатида ташкил этилган эди.
2016 йил август ойида МТС компаниядаги ўз улушини РРТМга сотган. 2018 йил ноябридан бошлаб операторнинг 100% эгаси “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси бўлди. 2019 йил декабрида UMS ребрендинг ўтказди ва номини Mobiuzга ўзгартирди.
2020 йилда Mobiuzни хусусийлаштиришга тайёрлаш режалари ҳақида хабар берилган эди. Бир йил ўтгач, Mobiuzни 2023 йил апрелигача хусусийлаштириш режалаштирилган эди. Ушбу компаниядаги давлат улушини сотиш вазифаси президентнинг 2025 йил 21 апрелдаги қарорида яна бир бор белгиланди.