
2025 йил 8 июнь кунига ўтар кечаси Тошкентнинг Сергели тумани Файзли кўчасида мотоцикл ва скутер иштирокида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар берди шаҳар ИИББ.
QJMotors мотоциклини 26 ёшли эркак, Drongo скутерини эса 25 ёшли эркак бошқарган. Ҳар икки ҳайдовчи олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.
ИИББ йўл ҳаракати иштирокчиларини қоидаларга қатъий риоя қилишга ва белгиланган тезликни оширмасликка чақирди.
Бир неча кун олдин худди шу туманда Damas автомобили билан тўқнашувда скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлган эди.