
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда чигирткалар сони ортиб бораётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Агентлик матбуот котиби Сабина Садинованинг маълум қилишича, идора қишлоқ хўжалиги ерлари, яйловлар ва далаларга хавф солувчи миграцион галалар ҳосил қилувчи чигиртка турларига қарши кураш олиб боради.
«Ўзбекистонда чигирткаларнинг 200 дан ортиқ тури учрайди. Асосан 6-7 та гала бўлиб ҳаракатланувчи турларига қарши кураш олиб борилмоқда. Пойтахтда учрайдиган чигирткалар гала бўлиб ҳаракатланувчи турларга кирмайди. Уларга қарши кураш бир квадрат метрга 10 тадан ортиқ жонзот тўғри келганда олиб борилади. Камроқ миқдорда кимёвий ишлов бериш мақсадга мувофиқ эмас ва экологияга зарарли, чунки табиатда биологик занжир ва чигирткаларнинг табиий “йиртқичлари” – қушлар, бошқа ҳашарот турлари ва сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар мавжуд», – деди Сабина Садинова.
Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда чигиртка тарқалиши 608 минг гектардан ортиқ майдонда прогноз қилинмоқда, шундан 99 минг гектари Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.
4 июнь ҳолатига кўра, 765,8 минг гектар майдонда чигиртка мониторинги ўтказилди, 435,8 минг гектар майдонда тарқалиши қайд этилди, 427,4 минг гектар майдонда кимёвий ишлов берилди. Таққослаш учун: 2024 йилда зарарли чигирткага қарши кимёвий ишлов 574,8 минг гектар майдонда ўтказилган.
Асосий тадбирлар Қорақалпоғистон, шунингдек, Андижон, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида давом этмоқда. Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятларида зарарланишнинг асосий ўчоқлари муваффақиятли бартараф этилди.
«Чигирткалар сонининг кўпайиши циклик характерга эга. Яъни, муайян йилларда ҳашаротлар сони кескин ортади, баъзи йилларда эса, аксинча, ареаллар қисқаради. Бу иқлим шароити, ёғингарчилик, қурғоқчилик, ҳароратнинг кўтарилиши ёки пасайиши ва бошқа омилларга боғлиқ», – дея қайд этди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати.
Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати туну кун ишлайди. 1288 ёки 71-202-10-00 рақамларига мурожаат қилиш мумкин. Агентлик кимёвий ишлов бепул амалга оширилишини, препаратлар давлат ҳисобидан ажратилишини таъкидлайди.