
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Tesla ҳамда SpaceX раҳбари, DOGE (Ҳукумат самарадорлиги департаменти)нинг собиқ раҳбари Илон Маск 2025 йил 5 июнь куни ижтимоий тармоқларда оммавий равишда тортишиб кетди. Жанжал ортидан Tesla акциялари 14% га тушиб кетди.
Баҳс Трампнинг Германия канцлери Фридрих Мерц билан Оқ уйдаги учрашуви чоғида айтган сўзларидан бошланди, кейинчалик онлайн тармоққа кўчди. Трамп Маскни ўз ижтимоий тармоғи Truth Social’да айблади, Маск эса X ижтимоий тармоғида.
Можаронинг бошланиши
CNN хабарига кўра, Трамп ва Маск ўртасидаги муносабатларда кескинлик бутун ҳафта давомида кучайиб борди. 2025 йил 29 май куни Маск DOGE’даги ўз лавозимини тарк этди, чунки унинг «махсус давлат хизматчиси» сифатидаги 130 кунлик муддати тугаган эди, 30 май куни эса Трамп ва Маск биргаликда матбуот анжумани ўтказдилар, унда АҚШ президенти миллиардерга Оқ уйнинг «олтин калити»ни топширди.
Бироқ, сўнгги кунларда Маск Трампнинг айни пайтда Конгрессдан ўтаётган «One Big Beautiful Bill» («Катта гўзал қонун лойиҳаси») номли қонун лойиҳасини бир неча бор танқид қилди. Ҳужжат солиқ имтиёзларини назарда тутади ва Трампнинг сайловолди ваъдаси эди.
Қонун лойиҳаси икки ҳафта олдин Вакиллар палатаси томонидан республикачиларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлаши билан қабул қилинган эди. Конгресснинг Бюджет бошқармаси баҳоларига кўра, қонун АҚШ бюджети тақчиллигини 2,4 триллион долларга оширади.
3 июнь куни Маск ўзининг X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Кечирасиз, мен бунга ортиқ чидай олмайман. Конгресснинг бу улкан, ҳайратланарли харажатлар лойиҳаси жирканч нафратдир». «Буни ёқлаб овоз берганларга шармандалик: сиз нотўғри иш қилганингизни биласиз», — дея қўшимча қилди тадбиркор.
Bloomberg агентлигининг ёзишича, Маск электромобиллар учун муҳим солиқ имтиёзларини сақлаб қолишга ишонтира олмаганидан сўнг «One Big Beautiful Bill»га қарши чиққан.
5 июндаги жанжал
Можаронинг авж олиши Маскнинг X’да Трамп ва бошқа республикачи қонунчиларнинг кўп йиллар олдинги, АҚШ давлат харажатлари ва бюджет тақчиллигининг ўсишидан хавотир билдирган постларини улашишидан бошланди.
Айнан шу пайтда Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашув ўтказаётган Трампдан биринчи марта Маскнинг «One Big Beautiful Bill»ни танқид қилишига қандай муносабатда эканлиги сўралди. АҚШ президенти тадбиркордан кўнгли қолганини тан олди.
«Мен Илонни доим яхши кўрганман, шунинг учун жуда ҳайрон қолдим. Унинг мен ҳақимда гапирганини кўрдингиз ва у мен ҳақимда ёмон ҳеч нарса демади. Мен унинг қонун лойиҳасини эмас, мени танқид қилганини афзал кўрардим. Чунки қонун лойиҳаси ажойиб», — деди Трамп 5 июнь куни Оқ уйда журналистларга.
Трампнинг таъкидлашича, ҳукумат электромобиллар учун «мажбурий» талабни бекор қилгани сабабли Маск «хафа бўлган». «Бу электромобиллар учун катта пул эди. Биласизми, ҳозир улар қийин аҳволда, ва улар биздан миллиардлаб доллар субсидиялар тўлашимизни хоҳлашади. Илон буни бошиданоқ биларди, буни анча олдин биларди», — деди у.
«Илон билан муносабатларимиз жуда яхши эди. Энди ҳам шундай бўладими, билмайман», — деди АҚШ президенти.
«Мен жуда хафа бўлдим, чунки Илон бу қонун лойиҳасининг ички тузилмасини ҳаммадан яхшироқ биларди, — дея қўшимча қилди у. — Ва тўсатдан унда эътирозлар пайдо бўлди ва булар у электромобиллар учун „мажбурий“ талабни бекор қилишимиз кераклигини билганида пайдо бўлди, чунки бу миллиардлаб ва миллиардлаб долларлардир ва бу ҳақиқатан ҳам адолатсизликдир».
Маск X’да сиёсатчига жавоб қайтарди. «Фарқи йўқ. Электромобиллар ва қуёш энергияси учун субсидияларни қисқартириш қонун лойиҳасида қолсин, гарчи нефть ва газ учун субсидияларга ҳеч ким тегмаган бўлса ҳам (жуда ноҳақлик!!), лекин қонун лойиҳасидан ЖИРКАНЧ ЧЎЧҚА ТОҒИни олиб ташланг», — дея чақирди у. «Чўчқа» — АҚШ сиёсатида бирор тор сайловчилар гуруҳи манфаатлари йўлида сиёсатчилар томонидан лобби қилинган исрофгар давлат харажатларини тасвирлаш учун ишлатиладиган атама.
Алоҳида постда Маск Трампнинг қонун лойиҳаси мазмунидан яхши хабардор бўлгани ҳақидаги баёнотини инкор этди.
«Нотўғри. Бу қонун лойиҳаси менга ҳеч қачон кўрсатилмаган ва у тун ярмида шу қадар тез қабул қилинганки, Конгрессдаги деярли ҳеч ким уни ўқишга ҳам улгурмаган!» — деб ёзди Маск.
Сўнгра Маск, унинг қўллаб-қувватлашисиз Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозона олмаслигини айтди. «Менсиз Трамп сайловларни ютқазган бўларди, демократлар Вакиллар палатасини назорат қиларди, республикачилар эса Сенатда 51-49 нисбатга эга бўларди», — деди миллиардер. «Бунчалар ношукрлик», — дея таъкидлади у.
Яна бир постда Маск АҚШда янги сиёсий партия керакми ёки йўқми деган сўров ўтказди.
Трамп Truth Social’да баҳсни давом эттирди. «Илон ёқасида эди, мен ундан кетишини сўрадим, мен унинг электромобиллар мажбуриятини бекор қилдим, бу эса ҳаммани энди ҳеч кимга керак бўлмаган электромобилларни сотиб олишга мажбур қиларди (ва у бир неча ойдан бери мен буни қилишимни биларди!) — ва у шунчаки ЖИННИ БЎЛДИ!» — деб ёзди АҚШ президенти.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат Маск компанияларига берилган шартномалар ва субсидияларни бекор қилиш орқали миллиардлаб доллар тежаши мумкин эди. «Бюджетимизда миллиардлаб ва миллиардлаб долларларни тежашнинг энг осон йўли — Илоннинг давлат субсидиялари ва шартномаларини тўхтатишдир. Байден буни қилмагани мени доим ҳайрон қолдирган!».
Маск X’да Трампнинг қонунни танқид қилиши электромобилларга солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши билан боғлиқлиги ҳақидаги даъвосини ёлғон деб атади. «Бунчалар очиқдан-очиқ ёлғон. Бу аянчли», — деб ёзди.
Кейинчалик Маск «ҳақиқий бомбани ташлаш» вақти келганини айтди ва Трамп жинсий зўравонликда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ бўлган «Эпштейн файллар» деб аталувчи, эълон қилинмаган файлларда тилга олинганини ёзди (Эпштейн 2019 йилда қамоқхонада ўз жонига қасд қилган).
Трампнинг Маск компаниялари билан шартномаларни бекор қилиш таҳдидларига жавобан, миллиардер АҚШ томонидан одамлар ва юкларни Халқаро Космик Станцияга етказиш учун фойдаланиладиган SpaceX’нинг Dragon космик кемаларини ишдан чиқаришни ваъда қилди. Аммо кейинчалик у бу режалардан воз кечди.
Маск шунингдек, Трампга импичмент эълон қилишни ва ҳокимиятни вице-президент Жей Ди Вэнсга беришни таклиф қилган одамнинг постини ретвит қилди.