
Далаларда сомон ва унинг қолдиқларини ноқонуний ёқиш ҳолатлари сунъий йўлдошлар орқали кузатилмоқда, деб хабар берди «Ўзбеккосмос» Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги матбуот хизмати. Сунъий йўлдош тасвирлари тезкорлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилмоқда.
Ҳар йили Ўзбекистон ҳудудида бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида сомон ва бегона ўтларни ноқонуний ёқишнинг минглаб ҳолатлари аниқланади, дейилади хабарда.
Пояларни ёқиш минглаб гектар юқори ҳосилдор ерларнинг унумдорлигини пасайтиради, тупроқ тузилишини бузади, тупроқдаги фойдали макро ва микроэлементларнинг йўқолишига, экин майдонлари бонитет балларининг кескин пасайишига олиб келади, дея таъкидлади агентлик.
Бундан ташқари, ёниш маҳсулотлари ҳавони заҳарлайди. 1 гектар ерда дон поялари ёқиб юборилганда атмосферага 500 г азот оксиди, 379 г углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва карбонат ангидрид ажралиб чиқади. «Бу хавфли, чунки ёниш маҳсулотлари ҳавони ифлослантиришдан ташқари, инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин», — дейилади хабарда.
Далаларда ва аҳоли пунктларида пояларни, қуриган баргларни, дарахт шохларини ва бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига мувофиқ, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 дан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 дан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади. Бундан ташқари, ҳуқуқбузар ёнғин туфайли дон экин майдонларига етказилган зарарни қоплаши керак бўлади.
Ўсимлик қолдиқлари ёқиб юборилган ҳолатларга гувоҳ бўлганлар Экология вазирлигининг 1207 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг биринчи ярмида космик мониторинг ёрдамида далаларни ёқиб юборишнинг 2000 га яқин ҳолати аниқланган эди. 2024 йил май ойида Бош прокуратура ва «Ўзбеккосмос» агентлиги экологик қонунбузарликларни — дарахтларни кесиш ва ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишдан тортиб, ноқонуний чиқиндихоналар ва пояларни ёқишгача бўлган ҳолатларни сунъий йўлдош орқали кузатиш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.