Жанубий Корея президентлиги сайловида Ли Чжэ Мён ғолиб бўлди

Жанубий Кореянинг янги президенти этиб мухолифатдаги Демократик партия номзоди Ли Чжэ Мён сайланди, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги. 100% бюллетенлар қайта ишланганидан сўнг у 49,42% овоз тўплади.

Унинг асосий рақиби, ҳукмрон «Халқ кучи» партияси номзоди Ким Мун Су 41,15% овоз тўплаб, мағлубиятини тан олди. У Лини сайлангани билан табриклади.

Жанубий Кореяда муддатидан олдинги сайловлар Конституциявий суд аввалги президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилганидан икки ой ўтиб бўлиб ўтди. 2024 йил 3 декабрда у мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уринган эди, аммо Ли бошчилигидаги парламент унинг қарорини бекор қилишга муваффақ бўлди. Кейинроқ депутатлар Юнга импичмент эълон қилиш учун овоз беришди.

Ўз ғалаба нутқида Ли «исённи бостириш» ва «ҳарбий тўнтаришни» олдини олишга ваъда берди, бунда у Юннинг ҳарбий ҳолат жорий этишга уринишини назарда тутди.

«Сайланган президент сифатида тасдиқланган пайтимданоқ, мен иқтисодиётни жонлантириш ва одамлар фаровонлигини тиклаш учун бор кучимни сарфлайман», — деди у.

Сайловларда иштирок этиш даражаси қарийб 80%ни ташкил этди. Бу 1997 йилги сайловлардан бери энг юқори кўрсаткич.

Ли Чжэ Мён 2022 йилги ўтган президентлик сайловларида ҳам иштирок этган, аммо Юн Сок Ёлга 1 фоиздан кам минимал фарқ билан ютқазган эди.