LikeCup юлдузлар футбол турниридаги жанжал иштирокчилари ва ташаббускорлари жазоланди

2025 йил 31 май куни Тошкент шаҳар ИИББ хабар беришича, LikeCup юлдузлар футбол турниридаги оммавий жанжалнинг ташаббускорлари ва иштирокчилари жарима ва қамоқ тарзидаги жазоларга тортилди.

Артистлар ва блогерлар ўртасидаги жанжал билан якунланган футбол турнири 2025 йил 29 май куни «Жар» стадионида бўлиб ўтган эди. Тадбир ташкилотчиси, актёр ва хонанда Алишер Узоқов бу воқеа пиар учун уюштирилганини, аммо назоратдан чиқиб кетганини маълум қилган эди. Жанжал видеоси Sport телеканалида намойиш этилган, сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган. Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ИИББ лойиҳанинг тўхтатилганини эълон қилди.

Иш ИИББ биносида ўтказилган Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари судининг сайёр йиғилишида кўриб чиқилди. Идора томонидан эълон қилинган видеода блогерлар Миржалол Раҳмоналиев ва Дилшодбек Ўразбоев эътиборни жалб қилиш ва обуначи тўплаш ниятлари бўлганини айтишган. Улар ўзбекистонликлардан узр сўрашган ва бундай ҳолат такрорланмаслигига ваъда беришган.

ИИББ ҳодиса иштирокчилари билан профилактик суҳбат ўтказди, дейилади хабарда. Алишер Узоқов видеода ташкилотчилар томонидан жуда катта хатога йўл қўйилгани, жанжалнинг олдини ола олмаганликларини айтди. У айрим футболчиларнинг ҳаракатларини «хунук» деб атади, вазият унга «маданият ходими сифатида кучли таъсир қилганини» айтди ва Ўзбекистон халқидан ҳам кечирим сўради.

Актёрлар Алишер Узоқов ва Абдураҳмон Мавлонов, шунингдек блогерлар Миржалол Раҳмоналиев ва Дилшодбек Ўразбоев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилди. Уларга 10 базавий ҳисоблаш миқдори – 3,75 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Жанжални бошлаган Озодбек Ўразбоев ҳам МЖТКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмига мувофиқ жазоланди – 10 суткалик қамоқКамолиддин Мамажонов 183-модда ва 194-моддаси 2-қисми (бир йил давомида такрорий ҳуқуқбузарлик) бўйича айбдор деб топилиб, 12 БҲМ – 4,5 миллион сўм миқдорида жарима жазосига тортилди.