
Ўзбекистонда электр двигателли, божхона расмийлаштирувида электромобиллар сифатида таснифланадиган гибрид автомобиллар учун мажбурий экологик сертификат олиш талаби бекор қилинди. Бу ҳақда 28 май куни Сенатнинг ялпи мажлисида маълум бўлди.
2025 йил май ойи бошида Евро-5 ва Евро-6 экологик стандартларига мос келадиган гибрид автомобилларни божхона расмийлаштирувида уларнинг камида Евро-4 стандартига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификат талаб қилиниши хабар қилинган эди.
Бу ҳужжат божхонада электромобиллар сифатида расмийлаштириладиган Lixiang, Leapmotor, Voyah, Deepal, AITO, Neta, Avatar каби гибрид машиналарга тааллуқли эди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда Евро стандартлари бўйича двигатель чиқиндилари даражасини аниқлаш учун ускуналар мавжуд эмас, сертификат эса ишлаб чиқарувчининг ҳужжатлари асосида берилади. Сертификат тўлови тахминан 2 миллион сўмни ташкил этган.
Эътиборлиси, Евро-4 стандартидан паст автомобилларни Ўзбекистонга олиб кириш аллақачон тақиқланган, уларни Европада ишлаб чиқариш 14 йил аввал, Хитойда эса 9 йил аввал тўхтатилган, яъни бундай импорт жисмонан имконсиз.
Шунга қарамай, Autodeklarant Telegram-канали маълумотларига кўра, аллақачон 3 май куни — жорий этилганидан уч кун ўтиб — экосертификат талаби бекор қилинган.
Ўша куни Олий Мажлис Сенати ушбу масала бўйича Экология вазирига расмий сўров юборганини маълум қилди.
Сенатор Анвар Туйчиев ўз сўровида Экология вазирига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 50-сонли қарорига кўра, экологик сертификатлаш фақат аккредитациядан ўтган лаборатория мавжуд бўлгандагина амалга оширилишини эслатди. У бўлмаган тақдирда, транспорт воситаси идентификация маълумотлари бўйича баҳоланиши мумкин.
Шунингдек, 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарор билан «гибрид автомобиль» тушунчаси киритилган, бироқ унинг транспорт воситаларининг умумий M (йўловчи ташиш учун) ва N (юк ташиш учун) тоифаларига тенглаштирилиши баҳсли масала бўлиб қолмоқда.
Шу муносабат билан сенатор Экология вазиридан қуйидагиларни тушунтиришни сўради:
- аккредитациядан ўтган лабораториялар мавжудми;
- уларнинг техник имкониятлари қандай;
- гибрид автомобилларни расмийлаштиришда сертификат талаб қилиш учун норматив-ҳуқуқий асослар қандай;
- ариза бериш, сертификатлашни ўтказиш ва ушбу тартибнинг нархини белгилаш тартиби қандай.
Мажлисда Сенат аъзоси вазирликнинг жавоби тўлиқ эмаслигини ва сенаторларга ушбу масала бўйича фуқароларга аниқ жавоб бериш имконини бермаганини таъкидлади. У Экохавфсизлик ва божхона қўмитаси вакилларидан гибрид автомобилларни импорт қилишда ҳозирда экологик сертификат талаб қилинадими ёки йўқлигини тасдиқлашни сўради.
Экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов ҳозирги вақтда фақат бензин, дизель ва газ двигателларига эга M ва N тоифасидаги автомобиллар экологик сертификациядан ўтказилишини жавоб берди. Электромобиллар сертификат талаб қилмайди, гибридлар учун эса бундай норма белгиланмаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг бу масалани тартибга солувчи қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Ҳозирча эса гибрид автомобилларни мамлакатга олиб киришда экологик сертификат талаб қилинмайди.
Сенат раиси Танзила Норбоева аввалроқ фуқаролардан бу сертификатлар учун тўлов ундирилганини таъкидлаб, вазир ўринбосаридан бу қанчалик қонуний бўлганини сўради.
Обиджон Қудратов жавоб берди: «Ҳозир бундай сертификатлар умуман талаб қилинмайди. Бу масала кўтарилганда, биз божхона қўмитаси билан келишган ҳолда тегишли тушунтиришлар ва кўрсатмалар бердик. Сертификат учун тўлов ундирилмаслиги керак».
Бироқ, аввал қанча бундай сертификат берилгани, қанча пул йиғилгани ва улар қайтариладими ёки йўқми — изоҳ берилмади.
Сенат раиси Божхона қўмитаси вакилидан ҳам масалани изоҳлашни сўради.
Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Носиров ҳозирда гибрид автомобиллар учун экологик сертификатлар талаб қилинмаслигини тасдиқлади.
Танзила Норбоева сенаторлик сўровидан олдин фуқаролардан пул ундирилганини эслатиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонуннинг 18-моддаси қоидаларини ҳисобга олишга чақирди:
«Эсдан чиқарманг, 18-модда бор — давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлардаги ҳар қандай ҳуқуқий ноаниқликлар ва қарама-қаршиликлар фуқаролар фойдасига талқин қилиниши керак. Одамларнинг шикоятларини айнан шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш керак», — дея таъкидлади у.
Autodeklarant Telegram-каналининг қайд этишича, дастлаб электромобил кодлари (870380) бўйича божхона расмийлаштирувидан ўтадиган гибрид автомобиллар учун экологик сертификат талаб қилинмаган. Талаб фақат 4-5 кун давомида мавжуд бўлган ва 2025 йил 3 майдан бошлаб у бекор қилинган.
Унинг сўзларига кўра, илгари ҳам, ҳозир ҳам гибрид кодлар (870340; 870360) бўйича божхона расмийлаштирувидан ўтадиган автомобиллар учун экологик сертификат талаб қилинади. Аммо, у қайд этганидек, бундай талаб яқин вақт ичида бекор қилиниши мумкин.
«Автомобилларни импорт қилишда экологик сертификат масаласидан ҳам жиддийроқ муаммо мавжуд. Аммо нисбатан майда масалага тўхталиб, айниқса ҳозирда долзарб бўлмаган масалага тўхталиш — очиғи, тушунмаяпман», — деди у.
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда автомобиль импорти олиб кириш қоидаларининг кучайтирилиши фонида кескин қисқарган. Янги автомобиллар бир йил ичида сўмда 4,7%га, долларда 1,6%га қимматлашган. Иккиламчи бозорда эса арзонлашмоқда. Иккиламчи бозордаги фаоллик, эҳтимол, талаб ва харид қобилиятининг пасайиши туфайли камаймоқда.