
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни темир йўл соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Хабар қилинишича, 2024 йил якунлари бўйича илгари зарар билан ишлаган «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 47 млрд сўм миқдорида соф фойда олган. «Temiryoʻlkargo» шўъба корхонаси ташкил этилгандан сўнг юк вагонларидан фойдаланиш самарадорлиги икки баробар ошган.
Шу билан бирга, Президент таъкидлаганидек, темир йўл соҳасининг салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Яқин йилларда транзит юк ташувлари 40% га оширилса, соҳа даромадларини икки баробар кўпайтириш мумкин.
Хусусан, Хитой – Туркия йўналиши бўйича юк поездлари аллақачон ишга туширилган, рейслар сони ортмоқда, янги составлар келмоқда. Президент темир йўл инфратузилмасининг ўтказувчанлик қобилиятини босқичма-босқич кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда ташқи юкларнинг 70%и Тошкентдаги «Чуқурсой» станцияси орқали ўтади, бу эса тор жойларни, кечикишларни ва навбатларни юзага келтиради. Шу муносабат билан юк станцияларини пойтахт ташқарисига кўчириш ва Янгийўл туманида ҳамда Янги Тошкент яқинида йирик станциялар қуриш таклиф этилди.
Шунингдек, «Озодлик – Гулистон» айланма темир йўл линиясини қуриш режалаштирилмоқда, бу пойтахтга кирмасдан ташиш ҳажмини икки баробар ошириш имконини беради.
Янги лойиҳалар орасида Самарқанд – Ургут темир йўл линияси мавжуд бўлиб, унинг узунлиги 54 км ни ташкил этади, шундан 7 км аллақачон қурилган. Лойиҳа доирасида «Ургут» иқтисодий зонасида иккита вокзал ва иккита юк станцияси қурилиши назарда тутилган.
Вокзалларга киришни яхшилаш, йўловчилар, жумладан туристлар учун қулайликлар яратиш ва автотураргоҳларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, янги электропоездлар сотиб олиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш режалари муҳокама қилинди.
2023 йил сентябрь ойида ҳам Президент темир йўл юк станцияларини шаҳарлар ташқарисига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлигини қайд этган эди. Бу шаҳарларда юк транспорти ҳаракатини қисқартириш ва ҳудудларга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.